1

Янги уй учун ипотека кредити фоизлари қанча? Эски уйларга-чи?

ЖАМИЯТ 27.05.2022, 17:11
Янги уй учун ипотека кредити фоизлари қанча? Эски уйларга-чи?

Жорий йил 17 март санасида Марказий банк қарори билан республикамизда асосий ставка йиллик 17 фоизга оширилгани аҳолининг жуда кўп хавотирларга сабаб бўлганидан хабарингиз бўлса керак. Марказий банкнинг бундай кескин қарорига эса ташқи иқтисодий шароитларда юзага келган юқори ноаниқлик ва кескинликлар сабаб бўлгани Жорий йил 8 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Марказлашган манбалар ҳисобидан ипотека ва таълим кредитлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича фоиз ставкаларини белгилаш тўғрисида” қарор ҳам ана шулар жумласидан эди.

Мазкур қарорга кўра, Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ипотека ва таълим кредитлари учун ажратиладиган ресурс маблағлари бўйича фоиз ставкаларини 2022 йил якунига қадар, амалдаги фоиз ставкаларида, яъни ипотека кредити бўйича 13 фоиз (тижорат банклари томонидан 17-18 фоиз), таълим кредити бўйича 10 фоиз (тижорат банклари томонидан 14 фоиз) миқдорида сақлаб қолиш белгиланганди. Хўш, бугунги кунда ушбу талаб юртимиздаги тижорат банклари томонидан қанчалик амалга ошяпти? Банклар бугунги ташқи иқтисодий ноаниқлик шароитида ҳам ўз мижозларига Президинт қарорида белгиланган талабни бажаришни эплай оляптими? Ушбу саҳифада ана шу масалада фойдали маълумотларни сиз учун бир жойга жамладик.

ҚАЙСИ БАНКЛАРДАН ОЛСА БЎЛАДИ?

Тақдим этилган маълумотларга кўра, бугунги кунда 8 та тижорат банклари (Ипотека-банк, Асака банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Қишлоққурилишбанк, Туронбанк, Агробанк, Ҳамкорбанк ва Халқ банки) томонидан “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ маблағлари ҳисобидан бирламчи ва иккиламчи уй-жой бозоридан квартираларни сотиб олиш учун ипотека кредитлари ажратиляпти.

ФОИЗЛАРИ ҚАНДАЙ, БОШЛАНҒИЧ БАДАЛ МИҚДОРИ-ЧИ?

Марказий банк масъули тақдим этган маълумотда қайд этилган банкларда ипотека кредити учун амал қилаётган фоизлар ва миқдорларни билиш учун ҳар бири билан боғланиб маълумотларни тўпладик. Маълум бўлишича,ипотека кредитини таклиф этаётган 8 та тижорат банкларининг барчасида 20 йил муддатга 327,250 000. сўмдан 416, 500 000 сўмгача миқдорда йиллик 17-18 фоиз ставкасида ипотека кредитлари ажратилмоқда. Барчасида олинадиган ипотека кредит миқдорининг бошланғич бадал тўлови 15 фоизни ташкил этади. Имтиёзли давр эса мижознинг хоҳишига кўра, 6 ойгача этиб белгиланган.

ТАЛАБ ҚИЛИНАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР:

Айнан бирламчи бозор учун таклиф қилинаётган кредитни расмийлаштириш учун асосан қуйидагилар талаб қилинади:

  • ариза;
  • қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчининг) паспортининг асл нусхалари;
  • пудрат ташкилоти билан тузилган уй-жой сотиб олиш бўйича шартнома;
  • қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи) томонидан охирги 12 ой мобайнидаги (12 ойдан кам ишлаган тақдирда-ишланган давр учун) олган даромадлари тўғрисидаги маълумотномалари.

Банклар ўз қоидаларидан келиб чиқиб қўшимча ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин.

ЭСЛАТМА УЧУН:

Барчабанкларда тўлов графиги аннуитет ёки дифференсиал усулида белгиланади.

ЖАРИМА ВА ПЕНЯЛАР

Кредит бўйича асосий қарзни тўлаш шартлари бузилган тақдирда, муддати ўтган қарздорлик миқдори бўйича фоиз ставкаси ушбу муддати ўтган қарздорлик пайдо бўлган кундан бошлаб 1,5 баробарга ошади;

Кечиктирилган фоизлар учун пеня - кунига 0,1%;

Гаров таъминоти - кредит суммасига нисбатан камида 125%.

УНУТМАНГ!

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, кредит бўйича фоизлар мутаносиб равишда камаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.

ИККИЛАМЧИ БОЗОР УЧУН ҲАМ ИПОТЕКА БОРМИ?

Кичик суриштирувимизда маълум бўлишича, айни пайтда “Халқ банки” томонидангина  иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ҳам ипотека кредит тақдим этилаётган экан. Йиллик фоизи ставкаси: 25 %, дастлабки тўлов эса 26 % миқдорни ташкил этади.

Шунингдек, кредитнинг максимал миқдори:

  • якка тартибдаги уй-жой сотиб олиш учун ажратиладиган кредитнинг энг кўп миқдори - амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 500 баробаригача;
  • кўп квартирали уйдан квартира сотиб олиш учун ажратиладиган кредитнинг энг кўп миқдори - амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 000 баробаригача.

Амал қилиш муддати 15 (ўн беш) йилгача имтиёзли даври эса 12 ойгача (мижознинг хоҳишига кўра) этиб белгиланган.

ТАЛАБ ҚИЛИНАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР ЭСА...

  1. Қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг паспорти (ИД картаси);
  2. Даромади тўғрисидаги маълумот;
  3. Сотиб олинадиган уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари;
  4. Мустақил баҳолаш ташкилотининг ҳисоботи;
  5. Сотувчи ва олувчи ўртасида дастлабки шартнома.

Кредит таъминоти:

Сотиб олинган уй-жойнинг ўзи гаровга олинади.

Кредит ажратиш шакли:

Уй-жой сотиб олиш учун уй сотувчининг банк картасига ўтказилади.

Мафтуна ЖЎРАЕВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1