АсосийJamiyat

Маҳалла раислигига номзодларга нисбатан талабчанлик кучайди — Танзила Норбоева

'Маҳалла раислигига номзодларга нисбатан талабчанлик кучайди — Танзила Норбоева'ning rasmi

Сенат ялпи мажлисида шу кунларда мамлакатимизда давом этаётган маҳалла раислари сайлови масаласига эътибор қаратилди.

Сенат раиси  Танзила Норбоева маҳаллани қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда уни чин маънода аҳолига энг яқин тузилмага айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ҳозирда давлат бошқаруви тизимида асосий бўғин сифатида уларнинг ваколатлари, аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш борасидаги имкониятлари кенгаймоқда.

- Маҳалла раислари сайловига жиддий тайёргарлик кўрилди, -деди Т.Норбоева. - Барча ҳудудларда сайлов жараёнларини ташкил этишга кўмаклашувчи комиссиялар, ишчи гуруҳлар тузилди ва уларнинг фаолият йўналишлари аниқ белгилаб қўйилди. Ҳозирда улар жойларда сайлов жараёнларининг очиқ-ошкора, холис бўлишига ҳар жиҳатдан ёрдам бермоқда.

Бугунги кунгача мавжуд 9 минг 349 маҳалладан 90,5 фоизида сайловлар ўтказилди. 22 311 нафар тавсия этилган номзод учун овоз бериш жараёнида 1,8 млн нафардан ортиқ фуқаролар вакиллари иштирок этди.

“Бу йилги сайловлар билан боғлиқ алоҳида бир жиҳатга тўхталиб ўтмоқчиман. Тан олиш керак, авваллари маҳалла раиси сайловига одамларда қандайдир бефарқлик кайфияти бор эди. Нега деганда, уларда арзимаган муаммони ҳам ҳал этишга на ваколат, на имконият бўлган. Ҳозир уларга ваколат ҳам, керак бўлса маблағ ҳам ажратиляпти. Буни аҳоли тушуниб, номзодларга нисбатан талабчанлик билан муносабат билдирмоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда мамлакатимизда жамоат бошқарувида маҳалла фаолиятининг аҳамиятини ошириш, уни халққа амалий ёрдам кўрсатувчи мустақил, кучли ва таъсирчан фуқаролик институтига айлантириш борасидаги ишлар давом эттирилади”, - деди Сенат раиси.

Президентимиз томонидан барча даражадаги давлат ташкилотлари олдига бежизга “маҳаллалар кесимида ишлаш”, “халқ ичига кириш”, унинг “дардига қулоқ солиш”, “ташвишига шерик бўлиш” ва “муаммоларни жойида ҳал этиш” каби талаблар қуйилмаяпти.

Шу жиҳатдан сенаторлар ҳам ўз фаолиятида мана шу тамойилларни устувор билиб, бу борада олиб бораётган ишларни мунтазам давом эттириши кераклиги мажлисда алоҳида таъкидланди.

    Бошқа янгиликлар