Ҳафта давомида Ўзбекистон бўйича иқлимий меъёрларга яқин бўлган ҳаво ҳарорати билан асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда "Ўзгидромет" хизмати.
Маълум қилинишича, бугун республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва салқин об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кундузи ҳаво ҳарорати 25-28° атрофида бўлади. Фақат Фарғона водийси вилоятларида, асосан, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Эртага ва иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат айрим кунлари тоғли ҳудудларда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Ҳарорат аста-секин кўтарилади ва ҳафта ўртасига келиб, 1-2 июн кунлари кечалари 15-18°, кундуз кунлари 31-34° атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларида 35-37° гача бўлади. 3 июн жума куни ҳарорат фони 2-3° га пасаяди.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлари кузатилиши кутилмоқда.






