Ўзбекистон спорт журналистлари отахони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Республика тоифасидаги ҳакам, "Олтин қалам" Миллий мукофоти соҳиби, Халқ таълими аълочиси Ахбор Имомхўжаев бугун, 30 май куни вафот этди.
Бу ҳақда унинг набираси Диёр Имомхўжаев маълум қилди.
Хабарларга кўра, Ахбор Имомхўжаевнинг шарҳловчилик фаолиятига кириб келиши ҳам қизиқ бўлган. 1956 йилда Тошкентда илк бор "Пахтакор" стадиони қуриб битказилган ва шу номда жамоа ташкил этилган. Мазкур жамоанинг ўйинларини шарҳлаш учун шарҳловчилар талаб этилди. Шу мақсадда шарҳловчилар учун танлов эълон қилинган. Қайд этилишича, унда 26 нафар ёш йигит иштирок этади. Ана шу танловда рус тилида Роман Турпишев, ўзбек тилида эса Ахбор ака ғолиб бўлишган.
Эслатиб ўтамиз, марҳумнинг жаноза намози эртага, соат 10:00 да ўқилади.






