Жорий йилнинг 11 февраль санасида Президент ҳузуридаги видеоселектор йиғилишида Йўлларда қатновни ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш илм билан ҳамоҳанг бўлиши кераклиги таъкидланган эди. Жумладан, мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километрдан ошмаслиги шарт этиб белгиланганди. Хўш, уларни қайд этиш ва мазкур қоидани бузганларга чора кўриш механизми қандай бўлади?
Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХ ахборот хизмати мазкур саволга жавоб берди.
"Ҳамма йўл ҳаракати қоидаларини жаримага тортиш учун ишлаб чиқилган деб ўйлайди. Савол туғилади, жарима бўлмаса, амал қилмаса ҳам бўладими? Араг ҳайдовчининг қоидаларга амал қилмаслиги айнан мактаб олдида ЙТҲ билан тугаса, тезлик 30 километр соатдан баланд бўлса ва фуқарога зиён етказилса, у айбдор ҳисобланади ва жиноий жавобгарликка тортилади",-дейди Рустам Асқаров.
Унинг маълум қилинишича, тергов ҳаракатларида транспорт воситасининг воқеа содир бўлганида тезлигини қандайлигини аниқлаш усуллари бор. Булар тормоз изи, видеофиксация ва бошқа турдаги қурилмалар орқали амалга оширилади.
Шунингдек, таъкидланишича, ҳозирги кунда аҳоли яшаш жойларида, давлат аҳамиятига эга йўлларда аукцион орқали радарлар ўрнатилмоқда. Келгусида ҳам имкон қадар мактаб ва маҳаллалардаги ҳудудлар ҳам қамраб олиниши режа қилингани айтилади.






