АсосийJamiyat

Россия Украинанинг қайси ҳудудларини қўшиб олиш ниятида эканини маълум қилди

'Россия Украинанинг қайси ҳудудларини қўшиб олиш ниятида эканини маълум қилди'ning rasmi

Украинанинг Херсон вилояти ҳамда тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари назоратидаги ҳудудлар Россия таркибига киради, Запорожье вилояти билан ҳам худди шундай бўлади, вазият имкон берган заҳоти референдум ўтказилади. “Ягона Россия” партияси Бош кенгашининг котиби Андрей Турчак РИА Новостига берган интервьюсида шундай фикр билдирди.

“Қарорни аҳолининг ўзи қабул қилиши керак ва ишончим комилки, улар буни қабул қиладилар. Шунинг учун мен бу минтақа Россия Федерацияси таркибига киришига шубҳа қилмайман. Одамлар Бандера террори Ғарб томонидан қонунийлаштирилган саккиз йил ўтиб ҳимоя, барқарорликни хоҳлайдилар, улар учун узоқ кутилган ва мустаҳкам тинчлик келди”, дея Россиянинг Украинадаги босқинчилик ҳаракатини озодлик юришидек таърифлаган Турчак.

Сиёсатчи Донецк ва Луганск вилоятларининг Украинадан тортиб олинган ҳудудлари ҳақида гапириб, шак-шубҳасиз улар ҳам Россияга қўшилишини таъкидлади. Унинг фикрича, Запарожье вилояти ҳам бу қарорни қўллаб қувватлайди.

“Вазият бўлиши билан, ўқ отиш тўхтаб, хавфсизлик зонаси пайдо бўлиши биланоқ референдум ўтказилиши керак. Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор. Ишончим комилки, Запорожье аҳолиси ҳам бундай қарорни қўллаб-қувватлаш учун ўз фикрларини билдиради”, деган ҳукмрон “Ягона Россия” Бош кенгаши котиби келгусидаги режалар ҳақида гапириб.

Қайд этиш керакки, Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар давомида Херсон вилоятини тўлиқ, Запорожье вилоятининг Азов денгизига туташ қисмини эгаллади. Ҳудудларда Россияга бўйсунувчи ҳарбий маъмурият шакллантирилди.

    Бошқа янгиликлар