Айни пайтда дунёнинг кўпгина давлатларида асосий турдаги истеъмол товарлар нархларининг ўсиши кузатилмоқда. БМТнинг озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) 2022 йил март ойидаги ҳисоботида дунёда озиқ-овқат нархлари индекси ўртача 159,3 пунктни ташкил этгани, бу эса охирги 30 йилнинг энг юқори кўрсатгичи бўлганлиги қайд этилган.
Ушбу вазиятда қатор мамлакатлар зарурий товарлар экспортини чеклаш билан бир қаторда ўша турдаги товарларни импортини рағбатлантириш билан ички бозордаги нархларнинг барқарорлигини ушлаб туриш чораларини кўрмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати хабар беришича, бу вазият бизнинг мамлакатимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкинлиги сабабли нарх-навонинг кескин ошиб кетмаслигини олдини олиш бўйича зудлик билан чора кўриш зарурияти туғилмоқда.
Шунга асосан, “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бозордаги нарх-навонинг асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, бозорга киришга тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўйича ваколатлари кучайтирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 1 июндан бошлаб Тошкентдаги дўконларда қолипли нон 2800 сўмдан сотилишни бошлангани ва янги нарх-наво бўйича аҳолининг муҳокамаларига Молия вазирлиги департаментининг изоҳи ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган тезкор ўрганишлар натижаси ҳақида хабар берилган эди.






