Жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон раҳбари тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказган эди.
Унда айтилган муаммо ва таклифлар асосида, замонавий даволаш амалиётларини татбиқ қилиш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, соҳа ходимларининг ойлик маошларини ошириш каби кўплаб вазифалар белгиланган эди.
Бугун, 1 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ташкил этилган йиғилишда шу вақтга қадар соҳада қилинган амалий ишлар билан бирга галдаги вазифалар ҳам муҳокама қилинди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби хабар бермоқда.
"Инсон қадри тамойилини инобатга олиб, охирги йилларда тиббиёт соҳасида ҳам кўп фармон ва қарорлар қабул қилдик, – деди давлатимиз раҳбари",-дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси тадбир давомида тиббиёт ходимларининг ойлигини кўтариш чораларига ҳам тўхталиб ўтган.
"Глобал синовларга қарамасдан, тиббиёт ходимларининг ойликларини кўтариш чораларини кўрдик. Ҳамма жойда, энг чекка қишлоқда ҳам тизим намоён бўлиши керак. Ҳар бир фуқаронинг соғлиги назоратда бўлиши керак",-дейди у.
Йиғилишда мутасаддилар соҳада бошқарув ва моддий шароитларни яхшилаш, даволаш протоколларини ўзгартириш, тиббий суғурта тизимини кенгайтириш, тиббий таълимни ривожлантириш йўналишлари бўйича ахборот берган.
Аввало, бирламчи бўғинга эътибор қаратилиб, жорий йил якунигача яна 51 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларни ишга тушириш, мингта маҳаллада тиббий пунктлар ташкил қилиш, аҳолини манзилли скринингдан ўтказиш вазифалари белгиланган. Тез тиббий ёрдам сифатини яхшилашга қаратилган ишларнинг бориши кўриб чиқилган.
Йиғилишда соғлиқни сақлашнинг барча бўғинларини босқичма-босқич рақамлаштириб, ўзаро боғлаш, муассасаларни замонавий жиҳозлаш, пуллик хизматлар ҳажми ва турларини кўпайтириш муҳимлиги таъкидлангани айтилади.
"Санитария-эпидемиология тизимини трансформация қилиш, санитария қоидалари ва стандартларини янгилаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш юзасидан ҳам топшириқлар берилди",-дея хабар берилади жараёндан.






