АсосийJamiyat

Тошкент вилоятида одамларни тупуриб даволайдиган табиб аслида ким экани маълум бўлди

'Тошкент вилоятида одамларни тупуриб даволайдиган табиб аслида ким экани маълум бўлди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида "одамларни тупуриб даволайдиган табиб пайдо бўлди” изоҳи билан хабарлар тарқалди. 

Мазкур ҳолат Бўстонлиқ тумани ИИБ тезкор ходимлари ва туман ДСИ томонидан ҳамкорликда текширилди, дея хабар берди Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати. 

Ўрганишлар давомида видео тасвирдаги “табиб” – Бўстонлиқ туманида яшовчи, 1970 йилда туғилган фуқаро Б.Й. (чорвачилик билан шуғулланувчи шахс) эканлиги ва у табиблик борасида маълумотга эга эмаслиги аниқланган.

Маълум бўлишича, фуқаро Б.Й. тахминан 2 йилдан буён Бўстонлиқ тумани, Оқтош қишлоғидаги, аҳоли орасида “Қуёшли” деб номланган тепаликда одамларга эчки сути сотиш билан шуғулланиб келаётган.

У ўзининг кўрсатмасида, 27 май куни “Доривор ўсимликлар ҳақида”ги китобдан Читтигул илдизини кукун шаклида томоққа сепилса “лоренгит” касаллигини даволаши ҳақида ўқиб, тоғдан “Читтигул” илдизини териб келганлигини ва кукун шаклида майдалаб, қуёш тафтидан нафас олиш учун келган фуқароларга трубка орқали сепиб (пуркаб), ҳар бир муолажаси учун 20 минг сўмдан пул олганлигини маълум қилган.

Шунингдек, текширув ҳаракати давомида фуқаро Б.Й. муолажа ўтказишда фойдаланиб келган буюмлар ашё тариқасида олинган ва ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 

    Бошқа янгиликлар