Кимё фани бўйича халқаро танловлар, фан олимпиадалари ғолиби ва совриндори Азимжон Жамолов ҳозирда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11 синфида таҳсил олади. У 56-халқаро Менделеев олимпиадасида ўзининг мукаммал билимини яна бир бор исботлаб, олтинмедал соҳиби бўлди... Азимжон Жамоловнинг бу муваффақияти бошқа тенгдошларини ҳам юқори марралар сари ундаса ажабмас...
— Инсон ўзининг кичик-кичик муваффақиятларидан ҳам қувониши керак, деб ўйлайман. Чунки кичик ғалабалар каттаси сари йўл очади. Менинг ҳам ҳаётимда шундай воқеа юз берган. Буни ҳали-ҳануз қувонч билан эслайман. Ўшанда Юнусобод туманидаги 51-мактабда ўқирдим. 8-синфда кимё фанидан олимпиаданинг туман босқичида биринчи ўринни қўлга киритганман. Бу ғалабам кимё фанига бўлган қизиқишимни ошириб, ўз устимда ишлашимга туртки бўлган.
“Имкони борича телефондан камроқ фойдаланаман”
— Устозларимиз вақтнинг тутқичи йўқлигини, жуда тез ўтиб кетишини бот-бот такрорлашади. Шу сабабдан бўш вақтларимдан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Бугунги кунда дўстларимнинг вақтини ўғирловчи энг хавфли душмани бу – телефон. Шу сабабдан ҳам мен телефон воситаларидан камроқ фойдаланаман. Кимё фанини мукаммал ўрганишда кўп маълумотларни, янгиликларни интернетдан қидиришга тўғри келади. Шундай ҳолатларда телефон ва интернет воситаларидан фойдаланаман.
“Ғалабаларим ортида тинимсиз меҳнат ётади”
— Ҳеч нарса ўз-ўзидан содир бўлмайди. Барча муваффақиятларнинг замирида изланиш ва тинимсиз меҳнат ётади. Албатта, бу йўлда ота-онам, яқинларим ва устозларимнинг ёрдами, қўллаб-қувватлаши ҳам катта рол ўйнаган. Чунки доим ҳам ғалаба қозона олмаган танловлар бўлган. Муваффақиятсизликка учраган вақтларимда яқинларимнинг кўмаги, устозларимнинг маслаҳатлари билан тушкунликдан чиқишда ўзимда куч топа оламан. Ўзимга ўзим янада қаттиқроқ меҳнат қилишим кераклиги, шунда ўз олдимга қўйган мақсадимга етишишим мумкинлигини уқтиришга ҳаракат қиламан.
“Кимё фани бошқа фанларга қараганда мураккаброқ”
— Барча фаннинг ўзига яраши қийинчилиги бор. Мен учун эса кимё фани мураккаб туйилади. Бу фаннинг ўзига хос ранг-баранглиги бор. Шу сабабдан бўлса керак, бу фан ёшлигимдан мени ўзига мафтун қилган. Ҳозирга қадар ушбу фан йўналишида 10 дан ортиқ маҳаллий ва халқаро фан олимпиадаларининг ғолиби ва совриндори бўлганман.
“Эришган муваффақиятларим замирида мактабда яратилган шарт-шароитларнинг ўрни беқиёс”
— Кимё фани амалиётга асосланади. Шу сабабдан ҳам лаборатория хонаси керак бўлади. Олимпиадага қадар турли вилоятлардан саралаб олинган иқтидорли ёшлар жамоаси шакллантирилди. Тошкент шаҳридаги Президент мактабида тайёргарлик жараёнлари бўлиб ўтди. Бизга шу каби халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган мураббийлар таҳсил берди. Лаборатория хонасида ҳар бир ўқувчи учун алоҳида-алоҳида лаборатор жиҳозлар берилган эди. Шу сабабдан ҳам биз 56-халқаро Менделеев олимпиадасида яхши натижа кўрсатдик.
“Келажакда ўзим ҳам ўқувчиларни халқаро фан олимпиадаларига тайёрлайман”
— Жорий йилда умумтаълим мактабини тамомлагач, ўз йўналишимга мос чет эл университетларида таҳсил олмоқчиман. У ерда кимё фани бўйича олиб борилаётган тадқиқотларни мукаммал ўрганиб, юртимизга қайтаман. Келажакда ўзим каби халқаро фан олимпиадаларида иштирок этадиган ўқувчиларни тайёрлашга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Тенгдошларимга доим ўз мақсадлари сари интилишларини, кичик тўсиқларда тўхтаб қолмай, яна давом этишларини маслаҳат берардим. Шундагина ўз орзуларига, мақсадларига эришишади.
Файзулло ЯҲЁЕВ суҳбатлашди






