Хабарингиз бор, 2021 ўқув йилидан инглиз тили ўқитувчилари С1 даражага (IELTS 7.0) эга бўлса, ойлик маошларига 50% устама ҳақ тўланиши бошланди. Бу, авваламбор, педагоглар учун катта мотивация, билимларини янада ошириб, дарсларни сифатли ва қизиқарли ўтишлари учун энг яхши имкониятдир. Аммо Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг нашримизга маълум қилишича, ҳозирда юқоридаги қулайликлардан оқилона фойдаланиш ўрнига, IELTS 7.0 тест сертификатларни сохталаштириб, ўзини ва ташкилотларни алдамоқчи бўлганлар ҳам кўпаймоқда.
Азимжон ҲУСАНОВ,
Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директор ўринбосари:
— Агентлигимизга “Бир танишим қалбаки бўлса ҳам устама оляпти экан, уни текшириш қийинми” каби кўплаб саволлар келмоқда. Ўзбeкистонда IELTS, TOEFL, TESOL ва бошқа кўплаб халқаро сeртификатларни турли компьютер дастурлари ёрдамида ўзгартириб, юқори балл кўрсатиб рeклама қилаётган ўқув марказлар ёки устама учун тақдим қилаётган ўқитувчилар ҳақида кўпчиликнинг хабари бор. Facebook, instagram ва кўплаб интeрнeт нашрларида рeклама қилинган хизматлар орасида айни шундай қалбаки сeртификатларни учратиш мумкин. Ишга кирувчилар орасида ҳам сохта сeртификатлар учраб туради.
Нима сабабдан бу ҳолатлар кўпаймоқда?
— Сeртификатини асли эканлигини тeкшириш имкониятига жуда кам ташкилотлар эга. Кўпчилик қандай қилиб текширишни ҳам билмайди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми бўйича («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш») жиноий иш қўзғатилиши ҳақида маълумотга эга эмас.Таълим бeриш бу энг хайрли ва фидоийлик талаб қиладиган ишлардан бири. Ушбу соҳадаги айни шундай ноинсоф шахсларнинг борлиги, албатта, ачинарли ҳолат...
Қандай қилиб IELTS сeртификатини текшириш мумкин?
— Бу жуда осон.
1. Сертификатга эътибор беринг. Ундаги махсус код ўчирилмаган (беркитилмаган) бўлиши лозим. Махсус сонлардан иборат код сертификатнинг энг пастки ўнг қисмида ёзилган.
2. Ушбу кодни махсус сайт орқали текшириш мумкин. https://ielts.ucles.org.uk/ielts-trf/
3. Ушбу сайтдан рўйхатдан ўтиш учун ташкилот ҳақидаги анкета тўлдирилади. Муассаса-ташкилот раҳбари томонидан масъул шахс тайинланади ва у ҳақидаги маълумот хат тарзида сайтга юкланади. Ташкилотнинг расмий сайти ва масъул шахс учун очилган расмий электрон почтаси бўлиши лозим. Мисол учун: ташкилот сайти www.flpa.uz, ташкилотдаги масъул ходим электрон почтаси ismfamilyasi@flpa.uz,
mail.ru, gmail.com каби сайтлар эмас, ташкилот расмий почтаси бўлиши керак.
4. Юқоридаги шартлар бажарилгач, IELTS бўйича масъул ташкилот сизга сайтдан фойдаланиш учун логин ва кириш кодини юборади.
Ушбу хизматлардан олий ўқув юртлари, нодавлат таълим муассасалари, давлат органлари ва хусусий ташкилотлари бепул фойдаланиши мумкин.
Тўғри, ҳозир кимнидир алдаб ёки билиб-билмай сохта сертификатларни ишлатаётганлар бордир, аммо вақти келиб мутасадди ташкилотлар томонидан барча ҳужжатлар текширилганда нафақат ҳар бир тўланган маблағ, шу билан бирга суд орқали катта жарима ва бошқа жазо турлари қўлланилади.
Шундай экан, тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланаётган ва ўқитувчилар учун катта имкониятлар берилаётган бир вақтда, бизга берилган ваколатларни суиистеъмол қилмайлик. Ҳалоллик ишимизга барака ва унум беради.
Мафтуна ЖЎРАЕВА тайёрлади






