АОКАда ўтказилаётган “Маймун чечаги касаллигига қарши кўрилаётган эпидемиологик чора-тадбирлар” мавзусидаги матбуот анжуманида шу кунларда дунёнинг қатор давлатларида тарқалаётган маймун чечаги инфекцияси ва бу борада Ўзбекистонда кутилаётган вазият ҳақида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Атабеков гапирди, дея хабар бермоқда "Даракчи" мухбири.
"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ушбу маймун чечаги вируси аввалдан фанга маълум вирус ҳисобланади, ҳар йили Африка давлатларида қайд этилиб бориладиган касаллик бўлиб, пандемия ҳолатини юзага келтириш хавфи пастлиги таъкидланмоқда. Шунингдек, маймун чечаги вируси ДНК тутувчи бўлиб, мутацияга учрамайди. Ушбу касаллик 2003 йилда АҚШ, 2017-2019 йилларда Нигерия, 2018 йилда Буюк Британияда қайд этилган, ўлим ҳолати жуда кам учраган.
Олинган маълумотларга кўра, касаллик биринчи навбатда Африканинг эпидемик нохуш бўлган ҳудудларига борган фуқаролар ўртасида қайд этилиб, кейинчалик бемор одамдан соғлом одамга юқиш ҳолатлари аниқланган.
Касалликни Ўзбекистон Республикасига кириб келиши эҳтимоли мавжуд, бироқ маймун чечаги касаллиги қайд қилинган Европа мамлакатларида беморларни мулоқотдагиларига нисбатан алоҳидалаш чоралари олиб борилаётганлиги, мамлакатимиз катта ёшдаги (1980 йилдан аввал туғилган аҳоли) аҳолиси чечакка қарши режали эмлашни олганлиги сабабли кенг тарқалиш хавфи паст даражада деб баҳоланмоқда", деди Нурматов.






