Тошкентда MAN русумли автобус ва Nexia-3 русумли енгил автомобил иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Ҳолат юзасидан "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ матбуот хизмати расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, кеча, 3 июнь куни соат 16:27 да Nexia-3 русумли, давлат рақами 01| 891 | JB бўлган енгил русумли автомобил ҳайдовчиси У.О автомобилни КХЙ кўчаси бўйлаб Бунёдкор шоҳ кўчаси томонга бошқариб бораётиб, белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмасдан ундан олдинда ҳаракатланиб кетаётган транспорт воситаси билан оралиқ масофа сақламаганлиги ҳамда катта тезликда ҳаракатланганлиги сабабли олдидаги пиёдаларни ўтказиш учун тўхтаган “7-Автобус саройи” филиалига бириктирилган, давлат рақами 01| 132 | YFA, сарой рақами 132-бўлган “MAN” русумли, 69-йўналиш ҳайдовчи Х.Х (1976-йилда туғилган, стажи 18 йил) бошқарувидаги автобусни орқасига келиб урилган. Натижада енгил автомобил ҳайдовчиси Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказида вафот этган.
Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси бўйича Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг Ҳаракат хавфсизлигини назорат этиш бўлими томонидан хизмат суриштируви ўтказилади.