АсосийJamiyat

"Тошкент" аэропорти яқинидаги автотураргоҳлар "Uzbekistan Airports" балансига ўтказилади

'"Тошкент" аэропорти яқинидаги автотураргоҳлар "Uzbekistan Airports" балансига ўтказилади'ning rasmi

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 30 майдаги қарори билан "Тошкент-2" халқаро терминали ва ички қатновлар учун мўлжалланган "Тошкент-3" терминалининг  автотураргоҳлари, шунингдек, пойтахт аэропорти ҳудудига туташ жойлардаги автотураргоҳлар "Uzbekistan Airports" балансига ўтказилади. Бу ҳақда  "Uzbekistan Airports" матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳудудларни компания ихтиёрига ўтказиш давлат раҳбарининг 2021 йил 30 апрелдаги "Фуқаролик авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган эди.

"Ушбу ҳудудларнинг ўтказилиши автотураргоҳларни автоматлаштириш, аэровокзал олдидаги ҳудудларни қайтадан қулай лойиҳалаштириш, йўловчиларни кутиб олувчилар ва кузатувчилар учун кўпроқ қулайликлар яратиш ҳамда ўз ечимини кутаётган такси хизмати билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш имконини беради. Автотураргоҳларда тўхташ жойи учун тўловни инсон омилисиз амалга ошириш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимни жорий этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, компания автотураргоҳларнинг жойлашуви ва улардан фойдаланиш давомийлигини (соат, сутка) ҳисобга олган ҳолда мослашувчан тариф тизимини ишлаб чиқмоқда", — деди “"Uzbekistan Airports"  бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Қайд этилишича, шаҳар ҳокимининг қарори бу борадаги илк қадам бўлди. Кейинчалик, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан автотураргоҳларни баҳолаш ва акциядорлик жамиятининг давлат улушини ошириш бўйича тегишли буйруқ қабул қилинади. Шундан сўнг тегишли тартибда ягона акциядор — Молия вазирлиги томонидан давлат компаниянинг улушини ошириш ва автотураргоҳлар қийматини устав капиталига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ва ниҳоят, барча амалга оширилган ишлар якуни бўйича кадастр ҳужжатларини Кадастр агентлиги томонидан “Муниципал мулкларни бошқариш маркази” ДУКдан "Uzbekistan Airports"  АЖ номига қайта расмийлаштириш амалга оширилади.

    Бошқа янгиликлар