Хабарингиз бор, Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 мартдан 15 майга қадар “Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳуқуқий акцияси ўтказилди.
Акция давомида, соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича адлия органлари томонидан 23 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, телеканалларда 130 дан ортиқ, радиода 580 дан ортиқ чиқишлар қилинди, 4,1 мингдан ортиқ сайёр қабуллар, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда 11 минг маротабадан зиёд маълумотлар жойлаштирилди ва бошқа турли шаклларда тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Шунингдек, соҳа бўйича адлия органларига 7 821 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, шундан, 5 674 таси (72,5 %) қаноатлантирилди, 1 006 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди ҳамда 51 та мурожаат тегишлилигига кўра ваколатли органларга юборилди.
Мурожаатларнинг асосий қисми Андижон (1 010 та), Фарғона (981 та) ва Бухоро (811 та) вилоятларига тўғри келди.
Вазирлик томонидан соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларига иш ҳақлари, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган махсус устамалар ва компенсацияларнинг тўланиб бориши ҳолати мониторинг ўтказиш йўли билан ҳам ўрганилди.
Ўрганишлар давомида:
иш ҳақининг белгиланган муддатда тўланмаслиги ҳолатлари (7 573 та);
устамаларнинг тўланмаслиги ҳолатлари (3 500 та);
фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаб берилмаслиги ҳолатлари (318 та);
ходимларни меҳнат шартномаси тузмасдан ишга қабул қилиш ҳолатлари (2 489 та);
олис ҳудудларда ишловчи олий маълумотли мутахассисларга бир марталик моддий ёрдам пули ва уй-жойни ижарага олганлик учун компенсация пулларининг тўлаб берилмаслиги ҳолатлари (315 та);
бирламчи ва даврий тиббий кўрикдан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлган ҳолатлар (90 509 та);
мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари (19 та) ва бошқа кўплаб қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6099-сон Фармонига асосан 2021 йил 1 январдан барча давлат органлари ва ташкилотларида, соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама белгилаш йўлга қўйилиб, ушбу тадбирни молиялаштириш ижрочиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
Aдлия органлари томонидан ўтказилган мониторинг давомида Қўқон шаҳрида 30 нафар, Кармана туманида 31 нафар, Каттақўрғон туманида 19 нафар, Қўрғонтепа туманида 23 нафар, Сирдарё вилоятида 25 нафар “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси юклатилган ўқитувчиларга 20 фоиз миқдорида устама тўловлари тўланмаётганлиги аниқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 391-сон қарори билан тасдиқланган "Умумий турдаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тўғрисида"ги низомга кўра, давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотида раҳбарлар, педагог ва тиббиёт ходимлари, шунингдек, тарбиячилар ёрдамчилари лавозим маошларига ҳамда тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча тўлов тўланиши белгиланган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4306-сон Қарорига кўра, таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланиши белгиланган, шунингдек, бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимлари манфаатида турли имтиёзлар белгиланган бўлса-да, ходимлар амалиётда ушбу ҳуқуқлардан фойдаланишда иш берувчи томонидан турли тўсқинлик қилиш ҳолатлари дуч келмоқда.
Жумладан, Марҳамат туман халқ таълими бўлими тизимидаги 27-сон, 39-сон ва 40-сон давлат умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритиб келаётган ҳамда фанлар бўйича асосий олимпиадаларда республика босқичи ғолиблигини қўлга киритган 3 нафар педагогларга 2021 йил ва 2022 йил январь-февраль ойлари учун жами 163 млн. сўм миқдордаги устама ҳақлар тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5117-сон Қарорига кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларининг камида С1 даражадаги халқаро сертификатни олиш учун имтиҳон топшириш билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетидан педагог кадрлар малакасини ошириш учун ажратиладиган маблағлар, давлат олий таълим муассасалари ўқитувчиларининг харажатлари эса олий таълим муассасаларининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланиши лозимлиги белгиланган бўлса-да, амалиётда имтиҳон топшириш билан боғлиқ харажатларнинг қоплаб берилмаслиги ҳолатлари кузатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6108-сон Фармони ҳамда 2020 йил 13 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6110-сон Фармонига зид равишда, 315 та ҳолатда олис ҳудудларда ишловчи олий маълумотли мутахассисларга бир марталик моддий ёрдам пули ва уй-жойни ижарага олганлик учун компенсация пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Адлия органлари томонидан соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг манфаати юзасидан 1 985 та тақдимнома, 2 331 та огоҳнома, 404 та маъмурий ва 5 та жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар ҳамда судларга 14,3 млрд. сўмлик 3 311 та даъво аризалари киритилди.
Кўрилган таъсир чоралари натижасида 13,7 млрд. сўм маблағлар (иш ҳақи, устама ва бошқа тўловлар) соҳа ходимларига ундириб берилди. Шунингдек, 1 001 та ҳужжат бекор қилинди, 643 та шахс интизомий, 128 та шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Шу билан бирга, ишга қабул қилишда меҳнат шартномаси тузилмаган 30 089 нафар ходимлар билан меҳнат шартномалари расмийлаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилди.






