АсосийSport

Хивада "Паҳлавон Маҳмуд - Strongmen Games" турнири ўтказилмоқда (видео)

'Хивада "Паҳлавон Маҳмуд - Strongmen Games" турнири ўтказилмоқда (видео)'ning rasmi

Жорий йилнинг 4-5-июнь кунлари Хива шаҳрида “Паҳлавон Маҳмуд - Strongmen Games” 2-халқаро турнири бўлиб ўтмоқда. Мусобақада Ўзбекистондан ташқари Япония, Россия, Бразилия, Италия, Янги Зеландия, Испания, Франция, Исландия, Эрон, Ҳиндистон, Польша, Тожикистон, Озарбайжон ҳамда Қозоғистон давлатларидан спортчилар ва ҳакамлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар бермоқда.

Ушбу халқаро турнир Ўзбекистон Республикаси Туризм ва Маданий мерос вазирлиги, Бутунжаҳон Баҳодирлар ўйини федерацияси ва Ўзбекистон Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Мазкур тадбирнинг ўтказилиши спорт туризмини ривожлантириш, нуфузини ошириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшларнинг туризмга қизиқишини рағбатлантиришга хизмат қилади. 

Халқаро турнир Марказий Осиё мамлакатлари, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон ва Ҳиндистонда енгилмас қаҳрамон, машҳур педагог, файласуф, сўфий олим бўлган ўзбек халқининг буюк фарзанди Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланади.

Эслатиб ўтамиз, “Паҳлавон Маҳмуд – Strongmen Games” спорт орқали исломий зиёрат туризмини тарғиб қилувчи дунёдаги ягона халқаро турнирдир.

 

    Бошқа янгиликлар