АсосийJamiyat

Қатарга қарши кечган баҳсда футболчиларимиз йирик ғалаба билан чорак финал йўлланмасини қўлга киритишди

'Қатарга қарши кечган баҳсда футболчиларимиз йирик ғалаба билан чорак финал йўлланмасини қўлга киритишди'ning rasmi

Мамлакатимизда ўтказилаётган футбол бўйича U-23 Осиё кубогида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси иккинчи учрашувини ўтказди. Қатарга қарши кечган баҳсда вакилларимиз йирик 6:0 ҳисобида ғалаба қозониб, муддатидан аввал чорак финал йўлланмасини қўлга киритишди.

Голларга: Жасур Жалолиддинов 5, Ҳожимат Эркинов 20, Ҳусайн Норчаев 45+2, Улуғбек Ҳошимов 60, Айман (автогол) 63, Русланбек Жиянов 67 муаллифлик қилишди.

Қайд этиш жоиз, бу мусобақа тарихидаги (U-23 турнирида) энг йирик ғалаба бўлди. Энди жамоамиз учинчи тур учрашувини 7-июнь куни Эронга қарши Қаршида ўтказади. Гуруҳнинг иккинчи учрашувида эронликлар Туркманистон ёшларига 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришди.  

2-тур учрашувидан сўнг қатарликлар бош мураббийи Николас Кордова учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

"Учрашув бошида киритилган тезкор гол барча режаларимизни ўзгартириб ташлади. Ўзбекистон бугун ҳақиқатда кучли ўйнади. Узун паслар ва бўш зоналардан фойдаланишда рақибларимиз устунлик қилишди. Голларнинг кетма-кет киритилиши ҳам ҳар томонлама салбий таъсир ўтказди. Бугун мезбонлар ажойиб учрашув ўтказдилар. Футболда шундай ўйинлар ҳам бўлиб туради. Энди бор эътиборимизни кейинги ҳал қилувчи баҳсга қаратамиз. Унда бор кучимизни бериб ғалаба қозонишга, плей-офф босқичига чиқишга ҳаракат қиламиз, – деди қатарликлар мураббийи.

Учрашув давомида деярли ҳар бир аниқ зарба гол бўлди. Бунда дарвозабонингизни айблайсизми?

– Йўқ, бундай демаган бўлар эдим. Бу бир ўйинчига боғлиқ бўлмаган вазият. Майдонда нима содир бўлган бўлса, барчасида қолган ўйинчиларнинг таъсири бор.

Олимпия терма жамоамиз бош мураббийи Темур Кападзе ҳам матбуот анжуманида иштирок этиб, учрашув ҳақида ўз фикрларини билдирди.

"Авваламбор, барчани ғалаба билан табриклайман. Мухлислар бизга катта мотивация беришди", - Тимур Кападзе.

– Учрашувда бундай йирик ҳисоб бўлишини кутганмидингиз?

– Тўғриси йўқ. Барчаси вазиятлардан унумли фойдаланишимиз билан бутунлай ўзгариб кетди. Бугун йигитлар ажойиб ҳаракат қилишди. Ўйин шиддатли бўлди. Тайёргарликдан ташқари эмоция ҳам ғалабамизга ижобий таъсир ўтказди.

Аввалги ўйин билан солиштирганда ўйинда анча фарқ бўлди. Бунинг сабаби нима?

– Бу учрашувга дастлабки баҳсдан ҳам яхшироқ тайёрландик. Туркманистон асосан ҳимоявий ўйин кўрсатгани учун "қобиқ"ни ёриб ўтишга жуда қийналган эдик. Бугун очиқ ўйин бўлиши бизга жуда қўл келди. Кўпчилик Туркманистонни ўтган тур менсимаган эди. Мана, улар бугун Эронни мағлуб этиб, кейинги босқичга чиқишга яқин туришибди.

Қатарнинг бундай йирик ҳисобда мағлуб бўлишига мухлисларнинг қандай таъсири бўлди, деб ўйлайсиз?

– Бунақа ғалабаларда мухлисларнинг ҳам ўз кучи бор. Лекин биз рақибни яхши ўргангандик. Индивидуал ва тактик жиҳатга асосий эътиборимизни қаратдик. Кўриндики, биз улардан яхшироқ тайёрланган эканмиз.

– Кейинги ўйин Қаршида бўлади. Сафарга тайёрмисизлар?

– Кейинги учрашувга эрталабдан ҳаракатни бошлаймиз. Туш вақти Қаршига йўл оламиз. Орада тайёргарлик учун 2 кун бор. Ўйлайманки, Қаршида бундан ҳам яхши атмосфера бўлади. Мухлислар бизни у ерда ҳам юқори даражада қўллаб туришларига ишонаман.

    Бошқа янгиликлар