Жорий йилнинг 25 апрелдан Янги Ўзбекистон университетида 2022-2023 ўқув йили учун қабул жараёнлари бошланган. Мазкур жараёнлар 20 июнь санасига қадар давом этади, дея хабар бермоқда Ахборот хизмати.
Университетда иқтидорли талабаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш учун давлат гранти қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади:
а) халқаро даражадаги тегишли дастурлар (International Baccalaureate, Advanced Placement, International Advanced Levels) дипломи ёки сертификатига эга Президент мактаблари битирувчиларига;
б) Университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган:
- халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (IChO), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) ғолиблари;
- таълим йўналишлари бўйича белгиланган умумий қабул квоталарининг 5 фоизи миқдорида ажратилган квота бўйича ўқишга қабул қилинган Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчилари;
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандлари.
Маълумот ўрнида: "Янги Ўзбекистон" университетининг иқтидорли талабаларига давлат грантини бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 11-бандига мувофиқ давлат гранти тақдим этилган стипендиатлар учун бутун ўқув йиллари мобайнида тўлиқ давлат грантини тақдим этиш тартиби сақлаб қолинади.
c) Университетга кириш имтиҳонларидан энг юқори балл тўплаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига давлат гранти бир ўқув йили учун қуйидаги кўринишда табақалаштирилган тартибда ажратиб берилади:
10% талаба учун 100%лик грант;
10% талаба учун 70%лик грант;
15% талаба учун 50%лик грант.
Эслатиб ўтамиз: ушбу табақалаштирилган грант дастури фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган. Талабанинг кейинги ўқув йилида тўлиқ ёки қисман грант ёки тўлов шартнома асосида таҳсилни давом эттириши унинг аввалги ўқув йилида эришган академик кўрсаткичига боғлиқ бўлади, дейилади хабарда.