Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси pm.gov.uz орқали келиб тушган мурожаатда фуқаро М.Р. аҳоли тинчлиги бузилаётганидан шикоят қилган. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур мурожаатни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида Омбудсманнинг Сурхондарёдаги минтақавий вакили Абдирашид Артиқовга юборилган.
Ҳолат минтақавий вакил, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар ички ишлар бошқармаси ходими ва “Боғишамол” МФЙ раиси томонидан ўрганилганда Термиз шаҳрининг И.Каримов кўчасидаги кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида “Улфатлар” кафеси фаолият юритаётгани аниқланган.
Маълум бўлишича, кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар кафеда ҳар куни 18:00 дан тонггача бақир-чақир овозлари эшитилиши, у ерда инсонни сарҳуш қилувчи воситалар сотилиши қолаверса, уйнинг ён томонлари тадбиркор томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганидан норози эканликларини, бу болалар тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатишини таъкидлашган.
Мазкур ҳолат бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилиши натижасида “Улфатлар” кафеси ёпилди ва фуқаролар осойишталиги таъминланди, дейилади хабарда.






