АсосийJamiyat

180 минг АҚШ долларига ер сотаётган андижонлик раҳбар ушланди. Шунингдек, Самарқанднинг 4 та туманида...

'180 минг АҚШ долларига ер сотаётган андижонлик раҳбар ушланди. Шунингдек, Самарқанднинг 4 та туманида...'ning rasmi

ДХХ матбуот хизмати "darakchi.uz"га ер сотиш билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар ҳақида хабар қилди.

Андижон вилоятининг Асака туманидаги пиллачиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамият раҳбари ўзининг 1988 й.т., муқаддам судланган қариндоши билан тил бириктириб, мазкур МЧЖга тегишли бўлган 1 гектар ер майдонини ҳокимият тизимидаги мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 180 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари сўралган пулдан 120 минг АҚШ долларини қариндоши орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ПАЙАРИҚ: Давлат кадастрлари палатасининг Пайариқ туман филиали мутахассиси муқаддам ўзбошимчалик билан эгаллаб олган, аслида маҳаллий ҳокимлик захирасида бўлган 3 гектар лалми ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, узумзор ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорга ҳар бир гектар ерни 60 млн. сўмдан жами 180 млн. сўмга сотишга келишади. Шунингдек, мазкур ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 900 АҚШ доллари ҳам талаб қилади. Аммо, у сўралган пул маблағларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

САМАРҚАНД: Ушбу туманда кузатилган ҳолатда эса 1986 й.т. шахс иссиқхона қуриш учун бошқа бир фуқаро номига расмийлаштирилган 50 сотих ер майдонини ишлаб чиқариш корхонаси қурмоқчи бўлган тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 70 минг доллар олган вақтида ушланди.

ПАСТДАРҒОМ: 1968 ва 1972 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ҳам иссиқхона ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорнинг ишончига кириб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 70 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 65 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 32 минг доллар олган вақтларида ушланди.

ОҚДАРЁ: Ушбу туманда истиқомат қилувчи, 1990 й.т. шахс эса Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 5 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 25 минг доллар олган вақтида ушланди.

 

    Бошқа янгиликлар