Одам ДНКси натижаларини сохталаштириш мумкинми? Нега одам ДНКсини аниқлаш нархи қиммат? Ўзбекистонликлар энг кўп қайси экспертиза учун мурожаат қилишади? Фуқаролар учун қизиқ бўлган мазкур саволларга мутахассисдан жавоб олдик.
Одам ДНК лабораторияси Ўзбекистонда ягона
Аслбек Норматов, Одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабораторияси мудири:
— Марказнинг Одам ДНКси судбиологик экспертизаси лабораторияси ҳозирги кунда мамлакатимизда ДНК экспертизаси таҳлилларини олиб борадиган ягона лаборатория ҳисобланади. Ушбу лабораторияда нафақат суд ва тергов органлари учун экспертиза тадқиқотлари олиб борилади, балки аҳоли учун ҳам ДНК таҳлиллари асосида биологик оталик, оналик, ота ёки она линияси бўйича яқин ёки узоқ қариндошлик фактини аниқлаш, гаплогруппани аниқлаш, биологик намуналарни идентификация қилиш каби бир қатор хизматлар кўрсатилади. Бу лобаротория юртимизда ягона бўлганлиги сабабли ҳам ДНК натижалари 30 кунда чиқади.
Одам ДНКси натижаларини сохталаштириш мумкинми?
— Биласизми, одам ДНКси натижасига фуқароларимизда ишончсизлик ҳолатлари ҳам бўлади. Бу табиий ҳол. Шундай бўлса-да, тадқиқотларга замонавий инновацияларни татбиқ этмоқдамиз. Бу жараёнларда оталикни аниқлаш ҳолатларида норозиликлар кўпроқ келиб чиқади. Бундай ҳолатларда суд қарорига кўра қайта экспертиза ўтказилиши мумкин. Бунда экспертлар гуруҳи ўзгартирилади. Аммо сохталаштириш ҳолатлари ҳали кузатилмаган. Лекин ДНКни аниқлаш учун намуна бизнинг лабораторияда олинмай, бошқа ҳудудда олиниб, сўнг бизга юборилган ҳолатларда чалкашликлар рўй берган. Бунда намуналар алмашиб қолинган. Лабораторияда ўтказилган текширувда, одатда 99,9 фоиз натижалар тўғри чиқади. Қон таҳлиллари мурожаатчиларнинг кўз ўнгида олинади ва конвертга солиниб шифрланади, сўнг лабораторияга юборилади.
Нега одам ДНКси нархи қиммат?
Бизнинг тадқиқотлар давомида ишлатиладиган асбоб-ускуналар ҳаммаси дунёнинг энг нуфузли ва аниқлик даражаси юқори бўлган фирмалардан олинади. Уларнинг таннархи жуда юқори. Бизнинг лабораторияда оддий тадқиқотлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 10.1 баравари миқдорида, яъни 3 миллион 30 минг сўмни ташкил қилади. Бу оддий 5 тагача тадқиқотлар учун, яъни сўлак ёки қон намунасини 5 та инсондан олинади. Бу минимал тарзда белгиланган нарх. Бу тадқиқотнинг таннархи бўлиб, экспертиза маркази учун ҳеч қандай қўшимча тўлов белгиланмаган.
Марказда 52 турдаги суд экспертлик турлари мавжуд
Учқун Узоқов, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази директорининг ўринбосари:
- Марказ нафақат суд экспертиза тадқиқотларини амалга ошириш, балки янги экспертиза турлари ва услубиётларни жорий этиш бўйича ҳам кенг кўламли илмий-тадқиқот ишларини амалга оширмоқда. Хусусан, олиб борилган илмий изланишлар натижасида кейинги 3 йилда суд лингвистика, суд компьютер-техник, суд автомобиль йўллари, суд электротехника, суд психологик, озиқ-овқат маҳсулотлари суд экспертизаси, суд-солиқ, озиқ-овқат маҳсулотларини баҳолаш экспертизаси каби янги 6 та экспертиза турлари бўйича тадқиқот ўтказиш йўлга қўйилиб, суд экспертлик жараёнига татбиқ этилди ва натижада Марказда амалга ошириладиган суд экспертлик турлари 52 тага, мутахассисликлар эса 71 тага етказилди.
Энг кўп мурожаатлар суд қурилиш экспертизасига тушмоқда
- Фуқаролардан келаётган мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, кўп мурожаатлар суд қурилиш экспертизасига келиб тушмоқда. Кейинги навбатларда одам ДНКси, суд компьютер-техникаси туради. Қурилиш соҳасида кўрилаётган асосий масала бу – уй-жойларнинг бозор баҳосини аниқлаш, муросли жойларни бўлиш, ер майдонлари нархини белгилаш, ундан ташқари кўпқаватли уйларни оладиган бўлсак сув тошиш ҳолатлари юз берса, унинг сабабини аниқлаш каби вазифаларни бажаради.
Файзулло Яхёев






