АсосийJamiyat

Ихтисослашган мактабларга танловлар асосида энг маҳоратли ўқитувчилар йиғиб олинса, умумтаълим мактабларда тажрибасизлар қолиб кетмайдими?

'Ихтисослашган мактабларга танловлар асосида энг маҳоратли ўқитувчилар йиғиб олинса, умумтаълим мактабларда тажрибасизлар қолиб кетмайдими?'ning rasmi

АОКАда Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур саволга жавоб берилди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" журналисти Фарида Эгамбердиева.

Маълум қилинишича, 7 мингга яқин педагог-кадрни янги ташкил этилган ихтисослаштирилган мактабларга ишга қабул қилиш режалаштирилмоқда. Унга ўқитувчилар 3 босқичли саралаш асосида (ҳужжатлар қабули, тест ва суҳбат) ишга қабул қилинади. 20 апрелдан 20 майга қадар job.piima.uz сайти орқали онлайн равишда 32 476 та ҳужжат қабул қилинди.

Тест имтиҳонлари 11 июндан бошланади. Унда ҳар бир номзодга ўзи танлаган фан доирасида тест саволлари берилади. Иккинчи босқичга ўтган ўқитувчиларнинг телефон рақамига ва электрон почта манзилига имтиҳон ўтадиган сана, манзил ва вақти ҳақида маълумотлар юборилади.

Имтиҳонлар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг test.tdi.uz сайти орқали онлайн бўлиб ўтади.

Ихтисослашган мактабларга ўқитувчиларни тест асосида саралаб, энг маҳоратлиларини ишга қабул қилиш, халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактабларида тажрибасиз ўқитувчилар қолиб кетишига сабаб бўлмайдими?  "darakchi.uz" журналистининг мазкур саволига Президент таълим муассасалари агентлиги директори биринчи ўринбосари Дилшод Кенжаев жавоб берди.

"Халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактабларидан яхши ўқитувчилар кетиб қолиб, "ёмон"лари қолади, деган хавотир ўринли эмас. Сабаби, республикамизда халқ таълими тизимида 502 минг нафар педагог фаолият юритади. Биз фақат халқ таълими тизимидан эмас, балки олий таълим ва профессионал таълим тизимидан ҳам умумий қилиб, 6640 нафар ўқитувчини саралаб оламиз. Тўғри, қайсидир мактабдан энг зўр ўқитувчи кетиб қолиши мумкин, лекин бу дегани, қолган ўқитувчилар сифатли таълим бера олмайди дегани эмас. Бизда 6 мингта эмас, 400 мингдан ортиқ профессионал ўқитувчилар бор", - дея изоҳ берди Агентлик директори ўринбосари. 

 

    Бошқа янгиликлар