Жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида умумий қуввати 1 154 мегаватт бўлган 5 та иссиқлик ва қуввати 100 мегаватт бўлган 1 та қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати ахборот бермоқда.
Маълум бўлишича, ушбу 6 та электр станция йилига 9 миллиард 660 миллион киловатт-соат электр энергия ишлаб чиқаради. Қурилмаларнинг энергия тежамкорлиги ҳисобига йилига 1 миллиард 353 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилади.
Хусусан, ишга тушган электр станциялардан биринчиси Бухоро вилоятининг Бухоро туманида қуввати 270 мегаватт бўлган газ-поршенли иссиқлик электр станцияси ҳисобланади.
Иккинчиси, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида қад ростлаган қуввати 240 мегаватт бўлган буғ-газ қурилмаси;
Учинчиси, Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида қуввати 174 мегаватт бўлган янги иссиқлик электр станцияси;
Тўрттинчиси, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида қуввати 230 мегаватт бўлган газ-поршенли иссиқлик электр станцияси;
Бешинчиси, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида қуввати 240 мегаватт бўлган замоаний иссиқлик электр станцияси;
Олтинчиси, Самарқанд вилоятининг Нубород туманида қуввати 100 мегават бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.
Таъкидланишича, станциялар қурилиши давомида 3 260 нафар иш ўрни яратилган бўлса, улар ишга тушиши натижасида банд қилинган иш ўринлари сони 445 нафарга ошган.
Маълумотга кўра, жорий йил якунига қадар Сирдарё вилоятининг Ховос туманида қуввати 220 мегаватт бўлган янги иссиқлик электр станцияси (7-электр станция) фаолият юрита бошлайди.






