Айни пайтда Миллий матбуот марказида Маҳалла - ислоҳотлар маркази ёки аҳолини рози қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда маҳалла раисларининг ўрни мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда, дея хабар бермоқда "Даракчи" мухбири.
Маълум қилинишича, 9349 та маҳалла раислари лавозимига сайловлар бўлиб ўтди. Сайлов ёшига тўлган 21,2 млн нафарга яқин фуқароларнинг маҳаллабай рўйхати шакллантирилиб, 2,5 млндан зиёд - 12 фоиз сайловчилар белгиланди.
Кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлари томонидан аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда, Давлатимиз Раҳбари томонидан 2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни бажаришга қодир бўлган 39 661 нафар, яъни ҳар бир маҳаллага ўртача 4,2 нафар номзодлар сараланди.
Республика комиссияси кўмаги билан 18-29 апрель кунлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳудудий комиссиялар билан бирга суҳбатлар ўтказилиб, 26 910 нафар номзодлар сайловда иштирок этиш учун тавсия этилди.
Тасдиқланган жадвалга асосан сайлов жараёнлари қонуний ва шаффоф ўтказилиб, 9 349 та маҳалла раислари сайланди. Раисларнинг – 67,1 фоизи биринчи маротаба сайланди, 32,9 фоизини амалдаги раислар ташкил этди. Маълумот учун: 2019 йилги сайловларда 44,1 фоизини амалдаги раислар ташкил этган.
Сайланган раисларнинг 8832 нафари - 94,5 фоизи олий, 509 нафари -5,4 фоизи ўрта-махсус, 8 нафари - 0,1 фоизи ўрта маълумотга эга.






