АсосийJamiyat

Ун нархи нега ошди? Захирада буғдой етарлими?

'Ун нархи нега ошди? Захирада буғдой етарлими?'ning rasmi

Ғаллачиликда бозор механизмларини жорий этишдан кўзланган мақсад буғдой ва ун нархлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

Коронавирус пандемияси даврида унни биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартнома асосида етказиб бериш бўйича вақтинчалик тартиб ўрнатилган эди. Бироқ ушбу тизим шаффоф бўлмаганлиги сабабли май ойида арзонлаштирилган уннинг бир қопи 270-290 минг сўм атрофида сотилган. Зеро 1 қоп ун 140-145 минг сўм атрофида сотилиши тавсия этилган эди.

Шу сабабдан 1 июндан 1-навли ун "Ўздонмаҳсулот" АЖ корхоналари томонидан очиқ биржага қўйилиши бошланди. Эндиликда биржа савдолари шаффофлик ва бозор тамойиллари асосида ўтказилмоқда.  

Бир гуруҳ журналистлар Тошкент шаҳридаги тегирмонлардан бирига бориб, уннинг тайёрланиш жараёнлари билан танишишди, мутахассислардан саволларига жавоб олишди.

ҲИНДИСТОН ВА ЭРОН ТАЖРИБАСИ

Зиёвуддин МУҚИМОВ, “Ўздонмаҳсулот” АЖ ишлаб чиқариш амалиёти раҳбари:

— Бозор механизмини жорий қилиш – давр талаби. Шунинг учун эртами, кечми келажакда донни қайта ишлаш корхоналарининг бозор механизмига ўтиши амалга ошиши керак эди.  

80-90 йилларда бозор механизмига ўтмасдан давлат томонидан нарх-наволарни бошқариш тажрибаси Ҳиндистон ва Эронда кузатилган. Натижада бу мамлакатларда ғалла етиштириш орқага кетган ва озиқ-овқат хавфсизлиги юзага келган. Айнан бозор механизмига ўтмаслик натижасида шу аҳвол юзага келган. Уларнинг аҳолиси биздан бир неча баробар кўп. Булардан келиб чиқиб улар ўз вақтида бозор механизмларини эркинлаштиришга эришган. Ҳозирда Ҳиндистон дунё бўйича ғалла етиштириш бўйича иккинчи ўринга чиқиб олди ва ҳатто четга ҳам дон экспорт қилмоқда.

НАРХ ОШИШИ ЁКИ ТУШИШИ НИМАГА БОҒЛИҚ?

— Бизда ҳозир кун тартибида иккита масала турибди: нима сабабдан нарх ошириляпти? Келажакда захиралар етарлими?

Таннархнинг шаклланиши асосан 70 фоиз ҳолатда хомашёга боғлиқ. Маълумки, деҳқон ёки фермер етиштирган ғалласи учун маълум бир сарф харажатларни қилади. Агар фермер ғалла етиштиришдан иқтисодий самара кўрмаса, унинг кейинги йиллардаги мотивацияси ўз-ўзидан йўқолиши мумкин. Демак деҳқонларнинг ва фермер хўжаликларининг келажакдаги меҳнатини баҳолаш ва мотивациясини ошириш учун уларга ғалласини эркин нархлашга қўйиб беришимиз керак. Демак фермер хўжалиги фаолиятидан манфаатдор бўлиши керак. Ана шу омиллар кейинги йилларда ғалланинг кўпайишига ва нархлар барқарорлашишига олиб келади.

Захира ҳақида гапирадиган бўлсак, айни вақтда янги ҳосил йиғиш бошланди аммо бизнинг ҳали захирада сентябр ойигача бемалол етадиган ғалла захирамиз бор. Шунинг учун захира тугаши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бозор механизмларига ўтгандан кейин донни қайта ишлаш корхоналарида рақобат бошланади ва ишлаб чиқарувчи биринчи навбатда таннархга эътибор беради. Бозорда маҳсулотни тезроқ сотиш учун таннархни тушириб, сифатини ошириб боради. Республикамизда давлат корхоналари ва хусусий корхоналарни қўшиб ҳисоблаганда жами 200 дан ортиқ донни қайта ишлаш корхоналари бор. тошкент шаҳрининг ўзида 40 га яқин корхоналар бор. Агар биржа орқали олинадиган бўлса, буларнинг ҳаммасига имконият яратилади.                                                                     

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.

    Бошқа янгиликлар