Конституциявий комиссия ҳузуридаги Таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан 24 соат давомида фуқароларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш бўйича таклифлар қабул қилинмоқда.
Конституциявий комиссия матбуот хизмати хабарига кўра, 11 июнь ҳолатига жами 20 148 та таклиф келиб тушди. Хусусан:
• “Meningkonstitutsiyam.uz” платформаси орқали – 6 798;
• @meningkonstitutsiyam_bot телеграм боти орқали – 3 807;
• 1341 колл-маркази орқали – 2 067;
• маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали – 1 712;
• халқ депутатлари Кенгашлари орқали – 834;
• электрон почта (taklif@meningkonstitutsiyam.uz/taklif@2022.uz) орқали – 2 258;
• фуқароларнинг бевосита қабули орқали – 2 395;
• жамоавий таклифлар – 277 та.
Таклифларнинг 11 306 таси эркаклар, 6 422 таси эса аёллар томонидан юборилган (2 420 таси аноним).
📈 Конституциявий комиссияга таклифларни йўллаш борасида ҳудудлар кесими таҳлили:
• Тошкент шаҳри
• Андижон
• Фарғона
• Сурхондарё
• Жиззах вилоятларидаги фуқароларимиз бошқа ҳудудларга нисбатан фаол бўлганини кўрсатмоқда.
Таклифларнинг 70 фоиздан ортиғи 30 ёшгача бўлган ёшлардан келиб тушган.
Ушбу жараёнда блогерлар ҳам ўз таклифлари билан фаол иштирок этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда ўзининг катта аудиториясига эга блогер Нурбек Алимов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасини “Мулкчилик шаклидан қатъий назар ҳафталик иш соати 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги, ортиқча иш вақти учун қўшимча тўловлар белгиланиши лозимлиги юзасидан” таклиф берган.
Яна бир ҳуқуқшунос - блогер Зафарбек Солижонов эса Ўзбекистон Республикаси Конституциясига “Айбланувчига унга қарши кўрсатма берган гувоҳлар билан юзлашиш ҳуқуқини мустаҳкамлаб қўйиш кераклиги”ни билдирган.
Комиссия ҳузуридаги Йиғма-ахборот таҳлил гуруҳи томонидан Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар олимлар, мутахассислар иштирокида кенг муҳокама қилиниб, норма ҳолатига келтирилди.
Натижада Конституциямизнинг бир қатор моддаларига оид нормалар шакллантирилди.
Уларнинг аксарияти инсон ҳуқуқлари, мазкур ҳуқуқларнинг кафолатлари, оила институти, суд ҳокимияти, педагог ходимлар, шахсга доир маълумотлар муҳофазасини Конституцияда кафолатлашга оид масалалардир.
Таклиф этилаётган нормалар энг илғор хорижий давлатлар тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилди. Хусусан, 50 га яқин давлатлар конституциялари ўрганилди.






