Куни кеча, 11 июнь куни Тошкентдаги "Пахтакор" марказий стадионида 23 ёшгача бўлган тоифада ўтказилаётган Осиё чемпионати чорак финал бошқичи доирасида Ўзбекистон Ироқ билан баҳс олиб борди.
Баҳснинг 12-дақиқасида дарвозабон Абдувоҳид Неъматовга қизил карточка кўрсатилди ва ўзбекистонликлар дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди. Ушбу имкониятдан ироқлик ёшлар унумли фойдаланиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бир киши кам бўлиб қолган Ўзбекистон U-23 терма жамоаси ўз омадини ҳужумда синашга мажбур бўлди. Ушбу ҳаракатлар 45+5-дақиқада ўз самарасини берди. Жасурбек Жалолиддинов пенальтида ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлим эса биринчисидан-да қизиқарли бўлди. 50-дақиқада Аммар Алсавад автогол киритиб, ўзбекистонликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ 68-дақиқада Ғолиб Фалиҳ мувозанатни тиклади. Қолган вақтда икки томоннинг уринишларига қарамасдан, 2:2 натижаси сақланиб қолди ва учрашув ҳаками қўшимча бўлимларни белгилади.
Қўшимча таймларда бир киши кам бўлса-да, ўзбекистонлик ёшлар рақибдан бир бош юқори ўйин кўрсатди. Бироқ баҳс тақдирини пенальтилар серияси ҳал қилди. Пенальтилар сериясида Ўзбекистон U-23 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди.