Ижтимоий тармоқларда бир неча фуқаролар ИИБ томонидан олиб кетилаётгани акс этган видео тарқалди. Унда воқеа Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида содир бўлгани, жанжал фуқаронинг уйи ва ғиштхонаси МИБ томонидан бузиб ташлангани оқибатида келиб чиққани изоҳ сифатида айтилади.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумот берди.
Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 2022 йил 2 февраль кунги “Ноқонуний қурилишларни мажбурий тартибда буздириш” ҳамда “Нотурар ер майдонидан чиқариш ҳақида”ги суд қарори ҳамда МИБ Олтинсой тумани бўлимининг ижро ҳужжатига асосан, жорий йилнинг 8 июнь куни соат 10:00 га мажбурий ижро ҳаракатлари тайинланган. Тегишли ташкилот ходимлари белгиланган жойга боришганида жавобгарлар уларга тўсқинлик қилиб, ижро ҳаракатларига қаршилик кўрсатган ва маъсулларга тош ва ғишт бўлакларини отишган.
Жамоат тартибини бузиб, давлат органлари ходимларига тан жароҳати етказган тўрт нафар фуқаро мажбурий тарзда туман ИИБга олиб борилиб, уларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
"Ҳолат юзасидан ўрнатилган тартибда текширув ишлари ўтказилмоқда",-дейилади хабарда






