АсосийJamiyat

Трансплантация амалиётини туманларда ўтказиш йўлга қўйилди — ССВ

'Трансплантация амалиётини туманларда ўтказиш йўлга қўйилди — ССВ'ning rasmi

Шу йилдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари етакчи шифокорлари бошчилигида ҳудудларда соғломлаштириш акцияларини ўтказиш йўлга қўйилди, дея хабар бермоқда ССВ.

Натижада жойларда аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилиб, сайёр тиббий қабуллар орқали уларнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммоли масалаларини жойида ҳал этиш, Давлат тиббий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан юқори технологик операцияларга муҳтож фуқароларни даволаш механизми жорий қилинди.

Хусусан, йил бошидан буён Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро вилоятларида 100 минг нафар аҳоли қамраб олинган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди.

Соғломлаштириш акциялари доирасида:

- 40 нафарга яқин беморларда буйрак трасплантацияси;

- 20 нафардан зиёд фуқароларда аорта-коронар шунтлаш ва юрак клапанларини сунъийсига алмаштириш;

- қарийб 20 нафар беморда томир орқали туғма юрак нуқсонларини бартараф этиш;

- 30 нафарга яқин кишида чаноқ-сон бўғимини эндопротезлаш операциялари ўтказилди.

Юртимизда биринчи марта буйрак трансплантация амалиётлари туман даражасида бажарилди.

Бундай имкониятдан Беруний тумани ва Андижон шаҳрида яшовчи беморлар баҳраманд бўлди.  

Ҳозир қолган ҳудудларда ҳам мураккаб операцияларга муҳтож беморлар рўйхати шакллантирилиб, уларни босқичма-босқич даволаш режалаштириляпти, дейилади вазирлик хабарида.

    Бошқа янгиликлар