Бироз аввал ижтимоий тармоқларда Human.uz ходимининг хизмат телефони ИИБ ходими томонидан куч ишлатиш йўли билан олиб қўйилганлиги ҳақида хабар тарқалди. Хабарда:
"Бугун 13 июль соат 9:50 да Андижон шаҳар "Янги бозор" савдо мажмуасида Илёс исмли Андижон ИИБ ходими томонидан шакар савдосини суратга олаётган Human.uz ходимининг (штатда ишлайди) хизмат телефони видеога олиш қонунга зид деган иддао билан куч ишлатиш йўли билан тортиб олинган. Бир қанча уринишлардан сўнг ҳам смартфон қайтариб берилмаяпти. Ягона шарти – куч ишлатиш йўли билан олинган ва ИИБ ходимининг куч ишлатгани ҳамда телефонни тортиб олгани суратга олинган видеони ўчириб юбориш экан.
Ўта тезкор муносабат, телефонни ҳеч қандай кавлашларсиз қайтиб беришларини кутиб қоламиз!
Ўз хизмат вазифаларини ва қонунни билмайдиган ИИБ ходими шунчаки қутулиб кетадими ёки ишдан бўшайдими, вазиятни кузатамиз", дейилади.
Бу ҳолатга ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Ш.Ғиёсов қуйидагича изоҳ берди:
Бугун соат 09.50 лар атрофида Андижон шаҳар "Янги бозор" савдо мажмуасида одамларга навбат билан арзонлаштирилган шакар сотиш жараёнида фуқаро Ж.Абдуллаев одамларнинг навбатини ва ўзаро гап талашаётганликларини тасвирга олиш вақтида фуқаролар томонидан уларнинг юзларини тасвирга олишига эътироз билдирилиб, ҳуқуқларини поймол қилмасдан тасвирни ўчириб ташлаш талаб қилинган.
Жамоат тартибини бузилишини олдини олиш мақсадида бозор ҳудудига бириктирилган ички ишлар органлари ходими томонидан фуқаро Ж.Абдуллаевга фуқароларнинг розилигисиз уларни тасвирга олмаслик тушунтирилган.
Ҳозирда шакарга навбатда турган фуқаролар ва Ж.Абдуллаев ўртасидаги зиддиятга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа иштирокчилари ИИБга олиб борилган.






