Камбағаллик муаммоси инсонларни узоқ даврдан бери ўйлантириб келади. Кимдир адолатсизлик, таниш-билиш, коррупция каби иллатлар давлатни камбағал қилади деса, бошқалар жойлашув ва менталитет дейди.
YouTube хостингида блогер камбағаллик юқори бўлган мамлакатлар бўйича таҳлиллар билан бўлшди.
Энг машҳур мисоллардан бири бу — Венесуела. 2017 йилдан бери ушбу мамлакат аҳолисининг 90% и камбағалликда яшаб келмоқда. 2021 йилдаги маълумотларга қараганда, уларнинг 70% и ўта камбағал шароитга тушиб қолган. Бу қандай юз берди? 1990 йилда ҳокимиятга келган Чавес баландпарвоз гаплар билан ҳаммани бахтли қилишни ва тенгликни таъминлашни ваъда қилган. Ваъдасининг устидан чиқиш учун нархларни назорат қилиш сиёсатини олиб бориб, ҳамма нарса арзон бўлиши керак деган ғояни тарғиб қилган. Бунинг оқибатида фойда қилмай қўйган тадбиркорлар ўз бизнесларини тўхтатишган. Бунинг натижасида давлат иқтисодиёти нотўғри юритилувга келиб қолган. Кейинчалик қайта иш бошлаган тадбиркорлар ҳамма маҳсулотларини қимматга пуллашган ва унинг оқибатида мамлакатда ҳатто ҳожатхона қоғозини топиш ҳам муаммо бўлиб қолган.
Давлатнинг иқтисодиётга аралашувининг жуда кўп турлари бор. Ҳозирги кунда энг оммалашгани эса бу — субсидиялар. Бу сўзни жуда кам эшитамиз, лекин мана шу сўз бизнинг ҳаётимизга катта таъсир қилади. Бу фақат бир давлат ичида эмас, халқаро савдода ҳам унинг таъсири юқори. Бизга яхши таниш бўлган пахта савдосида ҳам унинг таъсири кўринади. Мисол учун, АҚШ ҳукумати давлатдаги пахта ишлаб чиқарадиган одамларга ҳар йили субсидия, яъни ёрдам ажратади. Улар ёрдам олгандан кейин халқаро савдода пахтасини арзонга сота олади. Бунинг оқибатида пахтасини қиммат нархда сотиши мумкин бўлган давлатлар ҳам ўз маҳсулотини сувтекинга сотишга мажбур бўлади. Булар Ўзбекистон, Туркманистон ва бошқалар.
Субсидия уни ишлатадиган давлат ичида ҳам муаммолар келтириб чиқаради. Масалан, 2021 йил ноябрь ойида Халқ таълими вазири Ўзбекистондаги барча мактабни ремонт қилиб, ҳамма муаммоларни ҳал қилиш учун 37 триллион сўм, яъни 3 миллиард доллардан ошиқ пул кераклигини айтган. Сиз ўйлашингиз мумкин, бу жуда катта пул-ку. Бизда бунақа пул нима қилади, деб. Тўғри, бу кичкина пул эмас, лекин айнан ўша пуллар чўнтагимизда турибди. Чунки давлат ҳар ой бизани “свет”имиз учун 100 минг сўм беради. Ишонмаяпсизми? Қаранг, сиз “свет” ва газ учун ҳар ой пул тўлайсиз. Масалан, “свет”нинг тан нархи қанча туришини биласизми? 1 киловатти 800 сўм. Дейлик, сиз ҳар ой 200 киловатт, яъни 160 минг сўмлик электр энергиясини сарфлайсиз. Давлат эскидан қолган тизим доирасида сизга 100 минг сўмни, яъни ҳар бир киловатт учун 505 сўмни тўлаб беради. Сиз бир киловатт учун 295 сўм тўлайсиз. Лекин бу сиз учун зарарга ишлайди. Ҳаётимизни яхшилашга кетиши мумкин бўлган пуллар шундоғам бой бўлган одамларнинг уйида газ ва “свет” доимий бўлиши учун кетади. Қандай қилиб дейсизми? Чунки ҳамма-ҳам сиздек 160 минг сўмлик ток ишлатмайди. Давлат кимларгадир 400 минг сўм, яна кимларгадир 700 минг сўм қоплаб беради. Давлатнинг бу ҳаракати субсидия деб аталади. Ва у сизнинг бюджетдаги пулларингиздан тўланади. Яна-да осонроқ тушунишингиз учун мисол келтираман. Дейлик, Холмат исмли қўшнингиз 2-3 миллион ойлик олади. Унинг уйида битта телевизор, битта музлатгич ва битта кондиционер бор. Ток учун ҳар ой 200 минг сўм тўлайди. Суннат исмли қўшнингиз эса ойига 20-30 миллион сўм топади. Унинг уйида 3 та телевизор, 4 та музлатгич ва бир нечта кондиционерлари бор. У ток учун бир ойда 1 миллион сўм тўлайди. Энди ҳисоблаб кўринг, давлат қайси бирининг “свет”и учун кўпроқ субсидия ажратади? Табиийки, Суннатга. Яъни давлат Холматларнинг токи учун 4,2 триллион сўм ажратади. Суннатбойларга эса 8,3 триллион сўм. 2020 йилда Ўзбекистонда одамлар “свет” билан газни арзонроқ олиши учун 35 триллион сўм сарфланди. Бу пулга 8 777 та мактаб, 27 мингта боғча, 2 та “Бурж Халифа” биноси, 10 та "Mercedes” заводини қуриш, 41,5 та Мбаппени “Пахтакор”га олиб келиш ёки 254 062 та “Gentra” олиш мумкин эди. Бу пулларга Ўзбекистондаги барча мактабларни таъмирлаб, “чотке” қилиб қўйса бўларди. Атига бир йил нарх арзон бўлиши учун берилган пулларга...
Ўн бир йил ичида қарийб 67 миллиард доллар сарфланган. Бу пул ҳозирги курс бўйича 737 228 415 894 623 сўм дегани. Субсидия бу аслида, маълум бир соҳанинг ривожланиб кетиши учун ёрдам сифатида ишлатиладиган восита. Мисол учун, фермерлик ёки IT ва бошқа соҳаларни ривожлантириш учун вақтинча солиқ ҳамда бошқа имтиёзларни беради. Такрорлайман: вақтинча. Уни доимий ажратиб бориш субсидия эмас, балки давлатнинг пулларини ҳавога совуришдир...






