Айрон ажойиб чанқоқбосди ичимлик ҳисобланиб, уни жазирама пайтларида ичиш танага ҳузур бағишлайди. Организмда йўқотилган суюқлик, минерал ва витаминлар ўрнини қоплаш, ҳатто айрон ёрдамида очликни енгиш мумкин. Ушбу ичимлик овқат ҳазм қилиш тизимини, ичаклар микрофлорасини яхшилайди ва шу йўл билан иммунитетни кучайтиришга ёрдам беради.
Диетологларнинг сўзларига кўра, айронни хуш кўрувчи инсонларда дисбактериоз камдан-кам учрайди, чунки уни мунтазам истеъмол қилиш ичаклардаги микроорганизмлар фаолиятини нормаллаштиради. Айрон ўпкага кислород оқимини таъминлаш орқали нафас олиш тизими фаолиятини яхшилайди. Шу сабабдан у бронхиал астма, пневмония ва бронхитдан азият чекаётган беморларга шифокорлар томонидан тавсия этилади.
Бир қанча фойдали хусусиятларга эга бўлган ушбу ичимликни ёз фасли бошланиши билан барча бозорларимизда, йўл ёқаларида ва дам олиш масканлари яқинидан топиш мумкин. Бундай номаълум шароитда тайёрланаётган маҳсулотларнинг сифатига кафолат борми?
Ана шуларни ўрганиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент вилояти бошқармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан жойларда назорат тадбирлари ўтказилди. Жумладан, Ангрен шаҳар бўлими ходимлари "Ўзбекистон Мустақиллиги" кўчасининг юриш йўлагида уй ва номаълум шароитларда тайёрланган айрон маҳсулоти сотилаётганини аниқланди. Бундан ташқари, "Деҳқон бозори"га ёндош ҳудудларда ҳам шу каби ҳолатлар аниқланиб, сотувчиларга огоҳлантириш хатлари тақдим этилди.
Шунингдек, Чирчиқ шаҳар "Марказий деҳқон бозори" ва марказий кўчаларида ҳам рейд тадбирлари амалга оширилди. Натижада, иккита ҳолат юзасидан ноқонуний равишда, яъни махсус кийимсиз ғҳамда тиббий кўрикдан ўтмаган ҳолда ҳеч қанақа рухсатномасиз қўлбола усулда тайёрланган идишларда сотилаётган "Андижон музқаймоғи" савдосига чек қўйилди.






