Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва соҳага бозор механизмларини жорий қилиш, узумчиликни янада ривожлантириш, узум етиштириш, уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Манбаларга кўра, бугунги кунда 90 минг гектардан ортиқ майдонда узум етиштирилиб, соҳада 900 минг аҳолининг доимий ва мавсумий бандлиги таъминланган. Хусусан, Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё, Жиззах, Қашқадарё, Бухоро, Наманган ва Навоий вилоятлари узумчиликда майдон жиҳатидан етакчи ҳудудлар ҳисобланади.
Жаҳон бозорида хўраки узум савдоси мевалар ичида учинчи ўринда бўлиб, ҳар йили унга бўлган талаб ўртача 350 миллион долларга ўсмоқда. Жумладан, мазкур соҳани янада ривожлантириш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 июндаги 327-сон қарори билан тасдиқланган Узум кўчатларини шпалерга (ёғоч ва бошқа синувчан устунлардан ташқари) кўтариш харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди.
Мазкур Низом билан Узумчилик соҳаси учун субсидия беришнинг яна бир тури белгиланди.
Низомга асосан, субсидия:
- хўраки ва кишмишбоп токзорларни барпо этган талабгорга – Боғдорчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан;
- саноатбоп токзорларни барпо этган талабгорга – Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ажратилади.
Субсидия барпо қилинган токзорларда узум кўчатларини кўтариш мақсадида шпалерни ўрнатиш (қуриш) ишлари якунлангандан сўнг фақат бир маротаба, бир дона шпалер учун 15 минг сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорини қоплаш учун ажратилади. Талабгор субсидия олиш учун шпалерни ўрнатиш (қуриш) ишлари якунлангандан сўнг хулоса олиш учун туман ишчи гуруҳига аризани ёзма ёки электрон шаклда юборади. Ўрганиш натижаси юзасидан 1 кунда ижобий ёки салбий хулоса берилади.
Жамоатчилик назорати субъектлари томонидан субсидия предметидан мақсадли фойдаланилмаётган ёки яроқсиз ҳолдалиги аниқланса, бундай ҳолатлар видеотехника воситалари орқали ёзиб олиниб, 2 кун муддатда туман ишчи гуруҳига тақдим қилиниши мумкин. Хабар ўз тасдиғини топган тақдирда тегишли Агентлик томонидан рағбатлантирилади. Рағбатлантириш талабгордан ундирилган субсидиянинг 5 фоизи миқдорида амалга оширилади. Шунингдек, мазкур қарор билан тасдиқланган Виночилик асбоб-ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, виночилик асбоб-ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисми (ҳар бир виночилик асбоб-ускуналарини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи, бироқ 300 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори) қоплаб берилади.
Жўрабек Абдулазизов,
Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси бош маслаҳатчиси.






