Сал аввал Тошкентда Марказий Осиё халқаро институтида ШҲТ Хартиясининг 20 йиллигига бағишланган “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти: Марказий Осиёдан Евроосиёгача” мавзусида конференция бошлангани ҳақида хабар берган эдик.



Маълумот учун, ҳалқаро конференсияда ШҲТга аъзо давлатлар Миллий координаторлари, ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси котибияти ва Ижроия қўмитаси ходимлари, Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Беларус, Озарбайжон таҳлил тузилмаларининг етакчи экспертлари ҳамда Ўзбекистон вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этмоқда.
Конференция ШҲТ Миллий координаторлари ҳамда ШҲТ га аъзо давлатларнинг илмий-тадқиқот институтлари вакиллари ўртасида сиёсий, иқтисодий, гуманитар ҳамкорлик, терроризмга қарши кураш ва бошқа соҳаларга доир масалалар юзасидан очиқ ва конструктив фикр алмашиш майдонига айланиши кутилмоқда.
Хусусан, Марказий Осиё халқаро институти директори мазкур халқаро конференцияда қутлов нутқи билан чиқди. Унинг фикрича, ташкилот таъсис ҳужжати ШҲТ фаолиятининг устувор йўналишларини белгилайди ва асосий йўналишларини ишлаб чиқади, фундаментал масалаларни ҳал қилади.
"ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп қиррали шериклигининг Низомда мустаҳкамлаб қўйилган муҳим таркибий қисми давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ўзаро ҳурмат қилиш тамойилларига риоя қилишдан иборат. Давлат чегараларининг дахлсизлиги, тажовуз қилмаслик, ички ишларга аралашмаслик, халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, барча аъзо давлатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ўзаро тушуниш ва ҳурматга асосланган умумий нуқтаи назарларни излаш, уларнинг ҳар бирининг фикри, аъзо давлатлар ўртасидаги келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш шулар жумласидандир",-дейди А. Носиров .
У сўзида давом этаркан, мамлакатларимиз Осиё, Европа ва Африка қитъаларини бирлаштирган катта "ШҲТ оиласи"га айланганини таъкидлайди.
"Бошқа мамлакатлардан келаётган янги аризалар кўриб чиқилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ШҲТнинг жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Самарқанд саммити давомида тўлиқ аъзолар, кузатувчилар ва мулоқот бўйича ҳамкорлар форматида янги аъзоларни қабул қилиш орқали ташкилот сафини кенгайтиришга қаратилган чинакам тарихий қарорлар қабул қилинади",-дейди Марказий Осиё халқаро институти директори.
Маълумот учун, анжуман Марказий Осиё халқаро институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.






