Президент Шавкат Мирзиёевнинг Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига ташрифи чоғида оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотга кўра, мамлакат аҳолисининг 20 миллионини болалар ва туғиш ёшидаги аёллар ташкил этади. Уларнинг саломатлигини алоҳида эътиборга олиш мақсадида шу йилдан барча туман ва шаҳарлардаги кўп тармоқли поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилди.
Шунингдек, барча марказий поликлиникаларда “Онко-назорат” хоналари ташкил этилиб, 35 ёшдан ошган аёллар ҳар йили скрининг текширувидан ўтказилмоқда. Бу аёлларда саратон касалликларини эрта аниқлаш имкониятини 10 баробарга оширгани айтилади.
Таъкидланишича, бу ишлар натижасида сўнгги олти йилда оналар ўлими интенсив кўрсаткичи 21 дан 15 га, гўдаклар ўлими 11 дан 8 га камайган. Лекин битта шундай ҳолат ҳам жамиятимиз учун катта фожиа.
Шу боис, йиғилишда оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилингани айтилади.
Қайд этилишича, бугунги кунда республика бўйича атиги 16 та шифохонада асоратли ҳомиладорликка ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатилмоқда. Шу боис 46 та туман ва шаҳардаги туғруқ мажмуаларида зарур шароитлар яратиб, туманлараро перинатал марказига айлантирилиши қайд этилган.
Йиғилишда Репродуктив саломатлик маркази, Скрининг маркази, Акушерлик ва гинекология марказини бирлаштириб, янги марказ ташкил этиш зарурлиги таъкидланган. Бу янги марказ инновацион технологиялар асосида репродуктив саломатликнинг тиббий-биологик муаммоларини ҳал этиш, туғма ногиронликнинг олдини олиш бўйича генетик тадқиқотлар олиб бориш, бехатар оналикни таъминлаш каби жуда муҳим вазифаларга ихтисослашиши кутилмоқда.
Жараёнда соҳа мутасаддилари, шифокорлар, ҳокимлар сўзга чиқиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдиришган. Якунга кўра, вилоят ҳокимлари онкология ва гематология хизматларини ривожлантириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш чоралари бўйича ҳудуд халқига мурожаат қилиши белгиланди.






