Президент Шавкат Мирзиёев ва Конституциявий комиссия аъзолари учрашувида келтирилишича, Конституцияда фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш зарур.
"Халқимиз орасида “снос” деган ном билан машҳур бўлган муаммо бор.
Бундай ҳолатга бутунлай барҳам бериш учун уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш лозим.
Яъни, суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак.
Иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шарт.
Уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши Конституцияда қатъий белгиланиши даркор”, - деди давлат раҳбари.






