АсосийJamiyat

Ўзбекистон – Озарбайжон: туризм соҳасида ҳамкорлик дастури имзоланди

'Ўзбекистон – Озарбайжон: туризм соҳасида ҳамкорлик дастури имзоланди'ning rasmi

2022 йил 20 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Озарбайжон Республикаси Давлат туризм агентлиги ўртасида 2022 йилга мўлжалланган туризм соҳасида ҳамкорлик дастури имзоланди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳужжатни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ва Озарбайжон Республикаси Давлат туризм агентлиги раиси Фуад Нагиев имзолади.

Дастурга мувофиқ, томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қиладилар:

– Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг йирик шаҳарларида “Ўзбекистонга саёҳат” ва “Озарбайжонга саёҳат” тарғибот тадбирларини ўтказиш;

– икки давлат ҳудудида Ўзбекистон ва Озарбайжон сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирокида сайёҳлик ярмаркаларини ўтказиш;

– Ўзбекистон ва Озарбайжон телеканалларида икки давлатнинг сайёҳлик салоҳияти тўғрисидаги реклама материалларини жойлаштириш учун эфир вақти алмашинуви, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг машҳур телеканаллари кўрсатувларини суратга олишни ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ўрганиш;

– Ўзбекистоннинг туризм сектори вакиллари билан Ўзбекистон ва Озарбайжон таълим муассасалари ўртасида туризм соҳасида тажриба алмашиш;

–  туризм кунларини ўтказиш (мамлакатларнинг маданияти, гастрономияси ва туризм салоҳияти тақдимоти);

– ўзбекистонлик ва озарбайжонлик саёҳатчилар учун икки давлат ҳудудлари бўйлаб янги туристик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга жорий этиш.

Маълумот учун, 2022 йилнинг 24 май куни Бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ва Давлат туризм агентлиги раиси Фуад Нагиевнинг Боку шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида туризм алоқаларини янада ривожлантириш, қўшма йўналишлар ва турпакетлар тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида сайёҳлар оқимини кескин ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинганди.

    Бошқа янгиликлар