Sevimli

"Лўли ватандошларни тинч қўйинг Расул Кушербаев"

ЖАМИЯТ 22.06.2022, 19:40
"Лўли ватандошларни тинч қўйинг Расул Кушербаев"

Бир муддат аввал депутат Расул Кушербаев ва Алишер Қодиров ўртасида даҳанаки тортишув юз берганди.  Бу икки таниқли шахслар электрон далил масаласидаги қонун нормаси бўйича келишолмай қолишганди.

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари юз берган ҳолат парламент қуйи палатасида ички муҳит ёмонлигини, халқ вакиллари ўртасидаги муносабатлар дарз кетганини англатмаслигини  айтганди.

Айни вақтда депутат Қодиров яна Кушербаевга қарши фикр билдирмоқда. У, шунингдек,  "лўличилик" сўзини ишлатганидан ҳақорат ясашаётганини таъкидламоқда.

"Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон қаҳрамони Саид Аҳмад "Чўл шамоллари" асарида "Комил лўлилик қилиб бировга гап бермай бидирлар, Қўзибой эса тўнғиллар эди", деганда, ёки Ҳамидахон Зиёхонова "Биринчи мактуб" ҳикоясида "Арзанда қиз мактабда ҳам лўлилиги, урушқоқ ва бебошлиги билан ном чиқарди" деган жумлаларни ишлатганда лўли ватандошларимизни ҳақорат қилганмиди? Лўлилар бу асарларни ўқиб, ўзларини камситилгандек ҳис қилганларига жиддий шубҳам бор",-дейди депутат.  

"Ҳар бир миллатни ўзига хос сифатлари бўлади. Ўзбекларни "ўзбекчилик" деган сўз билан хос сифатларини айтиш ҳақорат бўлмаганидек, лўлиларни ҳам уларга хос бўлган хусусиятларининг номи "лўличилик"дир. Қачондан бошлаб миллий хусусиятлар ҳақорат бўлиб қолди? Бу сўздан миллатчилик ёки миллий камситишни излаш учун жуда қаттиқ ғазабда ёки соғлом ақлдан айрилган бўлиш керак",-дейди у.

"Менимча, бир сўздан ҳақорат ясамоқчи бўлаётганларни лўлиларнинг шаъни эмас, Жиноят процессуал кодексида ўтмай қолган "электрон далиллар" туйнуги йўлига қўйилган тўсиқ кўпроқ ташвишга солмоқда",-дейди Алишер Қодиров.

"Мен учун инсон Аллоҳнинг яратган бандаси, олий мавжудотдир, ўзбекми, русми, қозоқми ёки лўли, фарқи йўқ. Инсонни миллатига қараб эмас, тарбиясига қараб муносабатда бўламан. Эътиқодимиз ҳатто ҳайвонларга ҳурмат кўрсатишни талаб қилади. Лекин, инсонларнинг ичида ҳам айримлар бор дўст бўлгинг келади, гаплашиб тўймайсан, айримларни дўст деб ўйлайсану, яқинроқ билиб, виждонсизлигидан қайтиб юзига қарагинг келмайди...",-дейди у.

Шунингдек, Қодиров Кушербаевга жиддий эътироз йўллади.

"Лўли ватандошларни тинч қўйинг Расул Кушербаев, "электрон далиллар"ингизга бетараф бўлишга розиман, лекин барча депутатлар ҳам сиз ўйлагандек таблодаги қизил тугмага қараб овоз бермайди…",-дейди депутат.

Шарҳлар