“Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–289-сон, 21.06.2022 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қарор билан тегишли ОТМ ҳамда уларнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида қуйидагилар ташкил этилади:
-Урганч давлат педагогика институти;
-Наманган давлат педагогика институти;
-Гулистон давлат педагогика институти;
-Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти;
-Андижон давлат педагогика институти;
-Бухоро давлат педагогика институти;
-Термиз давлат педагогика институти;
-Шаҳрисабз давлат педагогика институти;
-Чирчиқ давлат педагогика университети;
-Жиззах давлат педагогика университети.
2022/2023 ўқув йилидан:
-мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган дарсликлар ҳамда методик қўлланмаларни педагог кадрлар тайёрловчи ОТМга уларнинг талабномасига мувофиқ пуллик асосда тақдим этиш тартиби жорий қилинади;
-педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ кундузги таълим шаклида ўқиётган 2–4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида (дарсларнинг 4 куни ОТМда, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида) олиб борилади.
Ҳар йили педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ ихтисослик кафедраларининг камида 5 фоиз профессор-ўқитувчиларини хорижга танлов асосида малака ошириш ва стажировкага юбориш чоралари кўрилади.






