1

Тошкентда Суриядаги террор гуруҳ сафига қўшилиш учун кетаётган аёл ушланди

ЖАМИЯТ 24.06.2022, 19:21
Тошкентда Суриядаги террор гуруҳ сафига қўшилиш учун кетаётган аёл ушланди

Тошкент шаҳрида Сурияда фаолият юритаётган "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террорчилик гуруҳи сафига қўшилиш учун кетаётган аёл ушланди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда .

Маълум қилинишича, 1990 йилда туғилган Н.С. 2020 йилда Сурия ва Туркияда фаолият юритаётган "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террорчилик гуруҳи аъзолари билан Интернет орқали алоқа ўрнатиб, уларнинг таъсирида Туркияга борган. Сўнгра жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Сурия ҳудудига ўтишга уринган вақтида Туркия чегарачилари томонидан қўлга олинган ва Ўзбекистонга қайтарилган.

Бироқ Н.С. яшаш манзилига қайтиб келганидан кейин ҳам жиноий фаолиятини давом эттириб, Интернет орқали "Тавҳид ва жиҳод катибаси" террорчилари билан алоқани қайта тиклаган, уларнинг ғояларини қўллаб келган ҳамда ўз яқинлари орасида ва ижтимоий тармоқлар орқали экстремистик ғояларни тарғиботи билан шуғулланган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан фуқаро Н.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 2441-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида Н.С.га нисбатан инсонпарварлик тамойили асосида "Тилхат" эҳтиёт чораси қўлланилган.

Лекин Н.С. яна Суриядаги ҳамфикрлари сафига қўшилиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудидан яширинча чиқиб кетишга уринган вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Н.С.га нисбатан суд ҳукми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1