1

"ОАВ ходимларининг фаолиятини амалга оширишига тўсқинлик – ислоҳотларимизга қарши ҳаракат"

ЖАМИЯТ 27.06.2022, 19:23
"ОАВ ходимларининг фаолиятини амалга оширишига тўсқинлик –  ислоҳотларимизга қарши ҳаракат"

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табрик йўллаб, уларни эркин ишлашга чақирди.

"Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Қадрли дўстлар!",-дея бошланади Мирзиёев табрик сўзи.

— Аввало, сиз, азизларни, соҳа ривожига бугун ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётган муҳтарам фахрийларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами билан чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор қиламан.

Биз оммавий ахборот воситалари ходимлари тимсолида ўзининг чуқур билим ва тажрибаси, ноёб истеъдод ва маҳоратини халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг онгу тафаккурини юксалтириш, жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлаш, глобал ахборот маконида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишдек олижаноб ишларга бағишлаган жонкуяр ва заҳматкаш инсонларни кўрамиз.

Жонажон Ўзбекистонимиз ўз тараққиётининг янги ва муҳим босқичига қадам қўяётган ҳозирги даврда медиа соҳаси вакиллари – журналист ва муҳаррирлар, режиссёр ва операторлар, блогерлар, теле-радио каналлар, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахона ходимлари Ватанимизнинг демократик қиёфасини шакллантириш, уни дунёга тараннум этишга беқиёс ҳисса қўшиб келаётганини эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Давлат раҳбари сўзида давом этаркан соҳанинг моддий-техник базасини яхшилашга ҳам эътибор қаратиб, ходимлар меҳнатини рағбатлантиришга бундан буён ҳам аҳамият берилишини таъкидлайди.

"Кейинги пайтда ижтимоий тармоқлар орқали баъзи жойларда оммавий ахборот воситаси ходимларига менсимай қараш, уларнинг ўз ваколати доирасида эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учраётгани ҳақида хабарлар тарқалаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди",-дея сўзида давом этади Шавкат Мирзиёев.

"Оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўз фаолиятини қонун доирасида эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш – бу демократик ислоҳотларимизга қарши ҳаракат, мамлакатимизнинг обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши керак. Суд ва прокуратура органлари бизга мутлақо ярашмайдиган бундай салбий ҳолатлар бўйича қатъий чоралар кўриши лозим.

Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз керак: барчамиз демократия деб аталган буюк мактабнинг ўқувчиларимиз. Бу борада ҳали кўп нарсаларни ўрганишимиз зарур. Фарзандларимизни айни шу руҳда тарбиялашда журналистика соҳаси вакиллари, муҳтарам фахрийларимиз ўзларининг бой тажрибаси ва ибратли фазилатлари билан алоҳида намуна кўрсатадилар, деб ишонаман",-дейди у.

Ўзбекистон раҳбари сўзи сўнгида соҳа ходимларини байрам муносабати билан яна бир бор муборакбод этиб, уларга фаолиятларида зафарлар тиламоқда.

"Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Бугунги байрам муносабати билан соҳа фидойиларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани, ҳеч шубҳасиз, барча ижодкорларни янги-янги марралар сари илҳомлантириб, уларга катта ғайрат ва шижоат бағишлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азиз қалам аҳлини қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, ижодий фаолиятингизда улкан ютуқлар, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат ва файзу барака тилайман",-дейди давлат етакчиси.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1