1

Энди ҳеч ким осонликча бировнинг уйини “снос” қила олмайди — Адлия вазири

ЖАМИЯТ 29.06.2022, 17:21
Энди ҳеч ким осонликча бировнинг уйини “снос” қила олмайди — Адлия вазири

Адлия вазири Русланбек Давлетов "снос" масаласига тўхталди:

"Бугун ушбу конституциявий кафолатнинг ҳақиқий ҳуқуқий асосини миридан сиригача белгилаб берадиган қонун Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди" деб ёзади вазир ўзининг facebook'даги саҳифасида.

Шунингдек, "Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев “снос” муаммосига эътибор қаратар экан, бундай ҳолатга бутунлай барҳам бериш учун уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш лозим деган эдилар.
Узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг демократик жараёнлар чиғириғидан муваффақиятли ўтган “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун халқимизни бир неча йилдан буён қийнаб келган муаммоларга барҳам беришига ишонамиз" дея тўхталган Давлетов.


Бундай дейиш учун асосларимиз етарли:

  • Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган мақсадларнинг тугал рўйхати тасдиқланмоқда. Энди қонунда белгиланган ҳақиқатдан ҳам жамоат эҳтиёжи бўлган 6 та мақсаддан бошқа ҳар қандай ҳолатларда ер участкаларини олиб қўйишни жамоат эҳтиёжлари учун деб баҳолаш тақиқланди.
  • Қонуннинг яна бир ютуғи шундаки, ер участкаси жамоат эҳтиёжларини амалга ошириш учун бошқа чора бўлмаганда – энг сўнгги чора сифатидагина олиб қўйилиши мумкин. Энг муҳими ташаббускор ер учаскасини олиб қўйиш энг сўнгги чора эканлигини маҳаллий кенгаш ва жамоатчилик олдида исботлаб бериши керак бўлади.
  • Энди “снос”га тушган бино учун компенсация тўлашга зарур маблағ бўлмаса, бундай ташаббус билан чиқилмайди, яъни “бузаверайликчи компенсация бир гап бўлар” қабилидаги гаплар кетмайди.
  • Ер участкасини олиб қўйиш ташаббусини маъқуллашдан бошлаб, уни олиб қўйиш, олиб қўйилган ер участкасидаги кўчмас мулкларни бузишга бўлган жараёнларда ушбу масала маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан нақд 3 маротаба кўриб чиқилади. Бунда Конституцияга киритилаётган маҳаллий кенгаш ва ҳокимлик ваколатлари аниқ ажратиб қўйилаётганини инобатга олсак, ташаббускорларнинг бузиш жараёнларини “тезлаштириб” юбориши борасида ҳавотирга ўрин қолмайди.
  • Қонуннинг энг асосий принципларидан бири бу жараённинг очиқлигидир, шунга монанд равишда ҳуқуқ эгалари билан очиқ муҳокама ўтказишдан бошлаб, қолган ҳар қандай босқичда жараёнлар 100 фоиз очиқ, яъни ҳуқуқ эгалари ОАВ, жамоатчилик иштирокида ўтказилиши белгиланди.
  • Ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда, ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга жисмонан мажбур қилиш мақсадида турар ёки нотурар жойни сув, канализация, электр, алоқа (интернет ҳам), иссиқлик ва газ тармоқларидан узиб қўйишга, кириб чиқиш йўлини тўсиб қўйишга йўл қўйилмайди.
     

Энди қуйидаги ҳуқуқлар компенсация қилиб берилиши аниқ қилиб белгилаб қўйиляпти:

  • кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати;
  • олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари);
  • кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати;
  • кўчиш ва бошқа уйни вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар;
  • ер участкасидан ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишдан олиниши мумкин бўлган бой берилган фойда;
  • ҳуқуқ эгасининг бошқа харажатлари ва зарарлари.


Вазирнинг маълум қилишича, хатто кўпчилик давлатларда мавжуд бўлмаган янги турдаги тўлов компенсация киритилмоқда ҳуқуқ эгасига келтирилган ноқулайликлар учун кўчмас мулк бозор қийматининг 5 фоизи миқдорида бир марталик тўлов амалга оширилади.
"Яна бир муҳим кафолат шундан иборатки ҳуқуқ эгасига қонуний тегишли бўлган ерда ўзбошимчалик билан қурилган турар ва нотурар жойлар учун ҳам компенсация тўлиқ берилади.
Бундан ташқари бузишга тушганда компенсация бериладиган уй-жойлар кўлами кенгайтирилди – энди агар аҳоли пункти ичида жойлашган, лекин “кадастри бўлмаган” уйлар бузилса ҳам, агар ушбу ер бўйича 15 йилдан ортиқ солиқлар тўлаб келинган бўлса компенсация тўланади. Таъбир жоиз бўлса, ушбу қонун 3 млнга яқин ҳужжатсиз уйларни бузилишдан “суғурталайди”  деб ёзади Давлетов. 
Замонни бирор бир жараённи рақамлаштиришсиз тасаввур қилиб бўлмайди, шунга яраша эндиликда “снос” билан боғлиқ барча ҳуқуқий жараёнлар электрон тизимлар орқали амалга оширилади, шу жумладан, қабул қилинган қарорлар, тузилган шартномалар ва берилган компенсациларнинг ҳисоби электрон юритилади.

"Фуқароларимизни қонун кучга киргач амалиётда ундан ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фаол фойдаланишга чақириб қоламиз" дея фикрини якунлаган Адлия вазири.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1