1

2 июль — Ўзбекистон Республикаси давлат Герби қабул қилинган кун

ЖАМИЯТ 02.07.2022, 00:01
2 июль — Ўзбекистон Республикаси давлат Герби қабул қилинган кун

«Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари». Бу улуғвор ғоя бугун янги Ўзбекистоннинг, ҳар бир ватандошимизнинг истиқболга қаратилган азму қарорига айланди. Инсон улуғ ғоя ва даъватлардан куч олади, уларга қараб қаддини ростлайди, уларга мос равишда ўктам қадам ташлашга интилади. Тикланишсиз юксалиш бўлмаганидай, буюк ният ва мақсадсиз кучли ҳаракат, нурафшон келажак бўлмайди. Ана шу маънода Давлат рамзлари бугун халқимизга ҳаёт синовларини мардона енгиб ўтишда, ҳар кун, ҳар лаҳза ғурур ва матонат билан миллий юксалиш қадам ташлашда бетимсол қудрат ва бунёдкорлик бахш этмоқда.

Давлат герби бундан 30 йил олдин Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган. Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «O‘zbekiston» деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «O‘zbekiston» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.

Давлат рамзлари бизни юртимиз тинчлиги, ватанимиз равнақи йўлида бирлаштириб, мамлакатимиз мустақиллигини ҳамиша кўз қорачиғидай асрашга, буюк аждодларга муносиб ворис бўлишга, юксак ишонч ва қатъият билан келажакка қадам ташлашга даъват этиб турибди. Давлат рамзлари – байроқ, герб, мадҳиямизда буюк ўтмиш ва юксак маданиятга эга бўлган халқимизнинг шон-шарафи, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва келажак сари интилишлари мужассамдир. Мана шу рамзларни эъзозлаш орқали биз ўз қадр-қимматини, ўз мамлакатимиз истиқболи, демакки, ўзимизга бўлган ишончимизни мустаҳкамлаймиз.

Ўзини мана шу жаннатмакон юрт ва табаррук замин фуқароси, олижаноб ва бағрикенг халқнинг муносиб фарзанди деб билган, ўз мамлакати, меҳмондўст халқи билан чексиз фахрланган ҳар бир инсон гербимизни, шу сингари бошқа бебаҳо ижтимоий-сиёсий қадриятларимиз бўлган давлат рамзларимизни Ватанимиз каби азиз ва муқаддас деб эътироф этиши, эъзозлаши ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ҳар бир фуқаро Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербини ҳурмат қилиши шарт.Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ҳурматсизлик Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда жазоланади. Ўз мамлакати билан фахрланадиган инсон ҳамиша миллатга саодат бахш этадиган улуғ ишларга қодир бўлади. Ана шу маънода 2 июль -Ўзбекистон Республикаси давлат Герби қабул қилинган кун катта байрам қилинишга арзирли кундир.

Дилафруз Умарова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази ходими.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1