Sevimli

Суриядаги жангарилар гуруҳига қўшилишни режалаштирган наманганлик аёл иккинчи марта қўлга олинди

ЖИНОЯТ 02.07.2022, 08:50
Суриядаги жангарилар гуруҳига қўшилишни режалаштирган наманганлик аёл иккинчи марта қўлга олинди

ИИВ матбуот котиби Суриядаги жангарилар гуруҳига қўшилишни режалаштирган яна бир аёл ҳақида хабар қилди.

Маълум қилинишича, 1977 йилда Наманган вилоятида туғилган фуқаро Э.М. 2019-2021 йилларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб, “Содиқ Самарқандий”нинг мадрасаларида таълим олади.

Натижада, у экстремистик ва террорчилик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб, Сурияга бориш ва у ердаги жангарилардан бирига турмушга чиқишни режалаштиради. Шу мақсадда, фуқаро Э.М. 2021 йилнинг март ойида Туркиядан доимий яшаш манзилига қайтиб келиб, 3 нафар фарзандини ўзи билан бирга олиб, “Қирғизистон-Туркия-Сурия” йўналишида ҳаракатланаётган вақтида чегара ҳудудида тўхтатилган ҳамда доимий яшаш манзилига қайтарилган эди.

Олиб борилган тушунтириш ишларига қарамай, фуқаро Э.М. ўзининг Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадидан воз кечмаган ҳамда у ердаги ҳамфикрлари билан ижтимоий тармоқлар орқали ёзишмаларни давом эттириб келган.

Шунингдек у интернет тармоғида бир қатор гуруҳлар ташкил қилиб, гуруҳ аъзолари орасида ақидапарастлик ва экстремистик мазмундаги материалларни тарқатган ҳамда Суриядаги жангариларга моддий ёрдам беришга тарғиб қилган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан фуқаро Э.M.гa нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Фуқаро Э.М. жиноий мақсадига эришиш йўлида фарзандини ҳам қурбон қилишга тайёр бўлиб, ўзининг балоғат ёшидаги қизи Э.X.ни шу йилнинг март ойида Туркияга жўнатиб, у ердаги экстремистик ва террорчилик ташкилотлари раҳнамоларининг қўлига таълим олиши учун топширган.

"Ҳурматли фуқаролар, огоҳ бўлинг! Ижтимоий тармоқлар орқали ёки хорижий давлатларда динни ўргатиш баҳонасида экстремистик ва террорчилик ташкилотларига зимдан кўмаклашаётган шахсларнинг қўлига ўз яқинларингизни топшириб қўйманг!" - дейилади хабарда.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Тошкент
+36.97° очиқ ҳаво
Валюта курси
10911.01
USD -11.02
11237.25
EUR -51.76
178.94
RUB -1.37
1