1

Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди

ЖАМИЯТ 02.07.2022, 11:47
Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди

1 июль куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг асослари ва мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, депутатлар, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва тизим ташкилотлари раҳбарияти ҳамда ходимлари иштирок этдилар. Тадбирга Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов модераторлик қилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев сўзга чиқиб, ҳозирда Конституциявий комиссия томонидан аҳоли фикр ва таклифларини қабул қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилгани натижасида юртимизда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқароларнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этаётганига алоҳида урғу берди.

Ўз навбатида, Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари ҳам Конституция ислоҳотига ўз фикрларини билдирдилар. Билдирилган фикрлар давлат хизматчиларининг ҳам мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлашларини намоён этди.

Таъкидлаш жоизки, халқимиз томонидан берилган таклифлар, шунингдек Давлатимиз Раҳбарининг Комиссия аъзолари билан учрашувда «инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак» деган тамойил асосида берилган таклифлардан келиб чиқиб «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси тайёрланди.

Конституциявий қонун лойиҳаси Конституциямизнинг 60 дан ортиқ моддаларига 200дан ортиқ тузатишларни назарда тутмоқда. Конституцияга ўзгартишлар «инсон-жамият-давлат» принципига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциямизнинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.

Конституциявий тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.

Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат эканлиги белгилаб қўйилмоқда. «Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади» эканлиги белгиланмоқда. Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало «инсон қадри учун»деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллага кирди. умумхалқ муҳокамаси натижаси умумлаштирилиб, қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилади. Унинг натижаларига кўра, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади.

Бугунги кунда минглаб фуқароларимиз, нуроний ва ёшларимиз, турли миллат вакиллари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, умуман жонажон Ўзбекистонимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз ўз таклифларини юборишда давом этмоқдалар.

Чунки, ҳар бир инсон ушбу ҳужжатни меники, менинг Конституциям дейиши, унда ўзини, оиласини, маҳалласини, жамият ва давлатни йиллар давомида безовта қилиб келган муаммоларини ечимини унда кўриши муҳим. Юрт келажаги ва Ватанимиз тақдири Сиз ва Бизнинг мазкур жараёндаги фаол иштирокимизга боғлиқ бўлиб, келгуси тараққиётимиз учун муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир ютуб канали орқали жонли эфирда намойиш этилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1