Аввал хабар қилганимиздек, 27–29-июн кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Боку Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатлар туризм вазирлари Ислом конференциясининг ХI сессиясида иштирок этди.
Тадбирда ИҲТ давлатлари туризм вазирликлари ва туризм бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, ИҲТ институт ва тузилмалари раҳбарлари, хусусан, ИҲТ Бош котиби Браҳим Ҳиссейн Таҳа ва Ташкилотга аъзо мамлакатлар делегациялари қатнашди.
Конференция давомида Ислом туризмини ривожлантириш бўйича Стратегик йўл харитаси, туризм инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, пандемиядан кейинги даврда соҳани тиклаш, ислом маданияти ва меросини тарғиб қилиш, сайёҳлик кўргазмаларини ўтказиш ва шу каби мавзулар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида республикамиз, хусусан, Хива шаҳрининг сайёҳлик салоҳияти ҳақида сўз юритиб, шу мавзуда тақдимот ўтказилди, видеофилмлар намойиш этилди.
Шунингдек, аввал хабар берганимиздек, Хива шаҳри 2024 йилдаги ислом дунёсининг туризм пойтахти деб эълон қилинди, 2024 йилда Хива шаҳрида Туризм вазирларининг ХII Ислом конференциясини ташкил қилиш ва ҳар йили Ўзбекистонда “Ислом оламида туризм ҳафталиги”ни ўтказишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, “Боку декларацияси” ва “ИҲТга аъзо давлатлар ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича резолюция” ҳам қабул қилинди.






