Шоирнинг шеърини сўрамай қўшиқ қилган яна бир хонанда жавобгарликка тортилди

ЖАМИЯТ 04.07.2022, 18:09
Шоирнинг шеърини сўрамай қўшиқ қилган яна бир хонанда жавобгарликка тортилди

Андижон вилояти Адлия бошқармасига Фарғоналик шоир Эркин Йўлдош ўз шеърий асарига нисбатан хонанда М.Ҳ томонидан муаллифлик ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги  Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида хонанда М.Ҳ томонидан шоирга тегишли бўлган “Уйланамиз” номли шеър муаллиф билан ҳеч қандай шартнома тузилмасдан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз барчанинг эътиборига етказилганлиги ва омма олдида ижро этилганлиги аниқланди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасига асосан муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда, хусусан асарни барчанинг эътиборига етказиш, асарни омма олдида ижро этишда мутлақ ҳуқуқларга эга.

Шунингдек, Қонуннинг 62-моддасига кўра ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади.

 

Юқоридагиларга асосан, хонанда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177(1)-моддасининг биринчи қисмида белгиланган асардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлиги сабабли ҳолат бўйича Андижон вилояти Адлия бошқармаси томонидан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, Жиноят ишлари бўйича Андижон туман судига юборилди.

Суд томонидан фуқаро М.Ҳ Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177(1)-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, белгиланган тартибда жарима жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 20 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига шоир Й. Рўзиев Юлдуз Усмановага нисбатан “Хаста бўлма” қўшиғининг шеър муаллифи сифатида муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган эди.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1