Қибрай ва Юқоричирчиқ туманларида ўқишга киритмоқчи бўлган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар қилди.
Департаментнинг Қибрай туман бўлими томонидан вилоят ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Чирчиқ шаҳар Олимпия захиралари коллежи ўқитувчиси Ж.Б. ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Э.А.лар фуқаро Ғ.ни ушбу университетга танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Шу каби, Юқоричирчиқ туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.М. бошқа бир фуқаро Б.ни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига танишлари ёрдамида ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






