Sevimli

Шавкат Мирзиёев Путин билан гаплашди

ЖАМИЯТ 05.07.2022, 21:13
Шавкат Мирзиёев Путин билан гаплашди

Россия Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрилган чораларни қўллаб-қувватлайди.

Бугун, 5 июль куни Ўзбекистон Президенти ва Россия раҳбари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида Россия Президенти давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрилган қатъий чораларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади, дея хабар бермоқда матбуот хизмати.

Таъкидланишича, мулоқотда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Шунингдек, ўтган йил ноябрь ойида Москва шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларнинг амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилган.

"Минтақа кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасидаги тадбирлар кўриб чиқилди",-дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тоқаев, Эмомали Раҳмон, Садир Жапаров, Эрдоған, Европа кенгаши Президенти ҳамда Хитой ҳамда Туркманистоннинг Қорақалпоғистондаги вазият бўйича муносабатларини маълум қилган эдик.

Дилбар Абдунабиева.

Шарҳлар