АсосийSiyosat

"Инспекция ўз фаолиятини кўпроқ жарима қўллашдан иборат деб ҳисоблайди"

'"Инспекция ўз фаолиятини кўпроқ жарима қўллашдан иборат деб ҳисоблайди"'ning rasmi

Хабарингиз бор, айни пайтда Ўзбекистон раҳбари раислигида архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Шавкат Мирзиёев унда қурилиш ва архитектура назорати тизимини қайта кўриб чиқиш кераклигини билдирди.

“Очиқ айтиш керак, Қурилиш инспекцияси тизимидаги 700 дан зиёд ходимлар самарали ишламаяпти. Инспекция ўз фаолиятини кўпроқ жарима қўллашдан иборат, деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, қурилишдаги камчиликларнинг 70 фоизи бир-бирини такрорлайди ва уларни бемалол олдини олиш мумкин",-дейди у.

Таъкидланганидек, инспекция жорий йилда қурилаётган 31 мингта объектни тўлиқ кунлик назорат қилиш имкониятига эга эмас. Сабаби, барча назорат ишлари “қўлда” олиб борилади. Хавфни олдиндан таҳлил қиладиган тизим эса ҳамон жорий этилмаган.

Шу боис, Инспекция фаолияти қайта кўриб чиқилиб, унинг иши, аввало, қурилишдаги тизимли камчиликлар ва уларнинг сабабларини таҳлил қилиш, бартараф этишга қаратилади.

 Бундан буён Қурилиш вазирлиги, вилоят, туман ва шаҳарлар бош архитекторлари “генпланлар” ва мастер режалар устидан Инспекция қурилиш сифати, муддати ва лойиҳа билан амалдаги ишнинг мослигини назорат қилишга масъул бўлади. 

Йил якунига қадар қурилиш объектларини рўйхатга олишдан бошлаб, фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш топширилди. Ушбу тизим орқали, ҳар бир назоратчи объектни ким қураяпти, қандай материал ишлатаяпти, техник назоратни ким олиб бораяпти, уларнинг малакаси қанақа, деган саволларга жавоб топа олиши керак.

Ушбу маълумотлар асосида қурилаётган объектлар “хавф гуруҳлари”га ажратилиб, назорат йўлга қўйилади. Бунинг учун Инспекция маълумотлар базаси стандарт, солиқ ва божхона органлари базаларига интеграция қилинади.

“Қатъий огоҳлантираман. Ноқонуний қурилиш аниқланса, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосарлари Инспекция билан бирга тенгма-тенг жавоб беради”,- дейди Президент.

Дилбар Абдунабиева.

    Бошқа янгиликлар